Донишмандлик тажриба маҳсулидир. Леонардо да Винчи
Мозийга қайтиб иш кўрмоқлик хайрлидир, деб бошлаганди Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар» романининг муқаддимасини. Айни пайтда футболимизда шундай жараён кечяптики, бу ҳолатда тарихимизнинг нисбатан узоқроқ бўлган даврини эсга олишимиз ўринли бўлмоқда. Негаки, ЎФФнинг ҳозирги хотиржамлиги бундан қарийб 8 аср муқаддам Муҳаммад Хоразмшоҳнинг йўл қўйган хатоларини эслатмоқда.
Осиёда икки қудратли давлат Хоразмшоҳлар ва Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар империяси ўртасида жанг бўлиши муқаррар эди. Аслида хоразмшоҳлар подшоҳининг қўшини сон жиҳатидан рақибдан кўпроқ, салоҳиятда қудратлироқ эди. Аммо айрим субъектив принциплар сабабли султон мўғулларга қарши жангга хато стратегия танлайди. Жанг арафасида ўтказилган кенгашда буюк қўмондон Жалолиддин Мангуберди ва айрим саркардаларнинг душманни мамлакат ташқарисида қарши олиб, жанг қилиш таклифини рад этган Хоразмшоҳ онаси Туркон Хотиннинг сўзига кириб, «ҳар ким ўзини ҳимоя қилсин» қабилида қўшинни бўлиб ташлаган ҳолда мудофага тайёргарлик кўриш ҳақида фармон беради. Мўғуллар бўлинган кучларни бирин-кетин янчиб, шаҳару-қишлоқларни вайрон қилади, бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритади. Ўзига «Искандари соний» номини берган Султон Хоразмшоҳ қўрққанидан мамлакатни ташлаб қочади. Тахт эса аслида бунга нолойиқ бўлган шаҳзода Ўзлакшоҳга қолади. Якуни нима билан тугаганини тарих дарсларидан яхши биласиз.
Вақт тинмасдан югургиламоқда. 31 август тобора яқинлашмоқда. Лекин бизнинг тайёргарлигимиз мундиалга чиқиш истагида ёнаётган жамоа даражасида эмас. Гуус Ҳиддинкнинг нигериялик собиқ ёрдамчиси Онекенинг таклиф этилиши Султон Хоразмшоҳнинг (миссионер) савдогар Маҳмуд Ялавоч орқали тўплаган маълумотлари сингари аҳамиятли, лекин туб бурилиш ясаш даражасида танлов эмас. Барибир терма жамоадаги ёндашувлар эскилигича қолмоқда. Клублар билан ўртоқлик баҳслари, чала таркиб билан чала тайёргарлик... Футболимизга масъул бўлган инсонлар хоразмшоҳлардек тадбирсиз. Мухлислар ва ОАВнинг овози ЎФФдаги мутасаддиларнинг сукунатини бузишга қодир эмас. Нақадар ўхшашлик! Тағин бир ўхшашлик бор. Мўғуллар ҳам шимоли-шарқдан келганди, навбатдаги икки рақиб ҳам Шарқдан. Штиликени ҳайдаб, янги мураббий иш бошлаган Жанубий Корея ва ЖЧ-2006да Италияни чемпион қилган Марчело Липпи бошқараётган Хитой терма жамоалари. Чин юрти вакиллари 3-ўрин учун охиригача ҳаракат қилади. Бу аниқ. Жанубий Корея эса буёғига имконият борича курашади. Бир неча йилдан буён Улье Штиликенинг истеъфоси ҳақида Корея матбуотида кўп ёзилди. Қатардаги мағлубият эса корейсларнинг тоқатини тоқ қилди. Немис мутахассисига чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилди. Мураббийлик курсисини терма жамоани жуда яхши биладиган мутахассисга топширилди. Айни вазиятда энг тўғри танлов ҳам шу аслида. Хуллас, рақибларимиз бўлажак учрашувларга жиддий ҳозирлик кўришмоқда. Бизда эса парокандалик ҳукм сурмоқда. Футболимиз ичидагилар ва атрофидагилар икки қутбга бўлинган: Бабаянга хайрихоҳ ЎФФ ва мураббийлар штабига мутлақо ишонмай қўйган мухлислар ҳамда журналистлар. Федерация журналист ва мухлисларнинг тинимсиз эътирозларига парво қилмасдан Бабаян бошчилигидаги мураббийлар штабига сентябрга қадар имконият бериши ҳақида баёнотини маълум қилиб бўлди. Аммо бу билан муҳокамалар тўхтаб қолгани йўқ. ЎФФ худди Хоразмшоҳ каби бепарво, Бабаян эса Аҳрол Иноятов таъбири билан айтганда, ўзини йўқотиб қўйган, қочиб юрибди. Жабрдийда Бабаян! Терма жамоа тепасига келаётганида у билмасмиди ишлар кўнгилдагидек кетмаса, шунақа босим пайдо бўлишини? Ёки фақат биз ўзбекларда борми терма мураббийларига эътирозлар тўлқини?! Бир юртнинг бош жамоаси, футболининг юзи бўлиши лозим бўлган миллий терма масъулияти унга бувисининг боғчасидимики, индамайгина эркаликка йўйиб кетаверадиган. Эпласа шу босимни енгиб ишласин, натижа кўрсатсин, Сколарига ўхшаб. Бутун бошли Бразилия Ромарионинг ЖЧ-2002га олинмаганидан норизо эди. Сколарига ишончдан кўра танқидлар ёғиларди, у эса мардларча иш тутганди.












