«Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти тўғрисида» мавзусида жамоатчилик фикри экспресс-сўрови ўтказилди. Жамоатчилик фикрининг экспресс-сўровига кўра, мамлакат фуқароларининг мутлақ кўпчилиги 2016 йил 4 декабрда сайланган мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида ижобий ўзгаришлар юз берганлигига қатъий ишонадилар.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, давлат Раҳбари барча давлат ҳокимияти органларининг мувофиқлаштирилган ҳолда самарали фаолият юритишини ва ҳамжиҳатлигини таъминламоқда, мамлакатда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича барча зарур чора-тадбирларни кўриб, мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга, халқнинг фаровонлик даражасини оширишга қаратилган режалаштирилган, самарали фаолиятни амалга оширмоқда.

Экспресс-сўровнинг кўрсатишича, ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги – 89,7% Шавкат Мирзиёевнинг давлат
раҳбари лавозимидаги фаолиятини ижобий баҳолайди, фуқаролар мамлакат Президенти раҳбарлигида кейинги пайтларда Ўзбекистонда мамлакатни модернизациялашга, давлат ва жамият ҳаётини ҳар томонлама ва жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришга йўналтирилган ҳолда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ижобий ўзгаришларга, аҳоли турмушининг даражаси ва сифатини ҳамда фуқароларнинг фаровонлигини оширишга ёрдам беради, деб ҳисоблайдилар.

1-расм. Марҳамат қилиб айтингчи, 2016 йил 4 декабрда давлат раҳбари этиб сайланган Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги фаолиятини Сиз қандай баҳолайсиз? (сўралганлар сонидан  %ларда)

Сўров жараёнида аниқландики, 18-20 ёшдаги ёшларнинг мутлақ кўпчилиги мамлакатда юз бераётган ўзгаришларга ижобий ёндашадилар ҳамда2016 йил 14 сентябрда «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида» қабул қилинган Қонуннинг ижобий таъсирини қайд қиладилар. Экспресс-сўровда иштирок этган ёшлар шуни қайд этдиларки, улар кейинги вақтларда сифатли ва ҳаммабоп таълимни таъминлаш, ёшларнинг ишга жойлашуви ва бандлиги учун шароитлар яратиш, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ёш тадбиркорлар учун муносиб ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш масалаларида давлат ва шахсан Шавкат Мирзиёев томонидан кўрсатилаётган мададни ҳис қилмоқдалар.

Сўровнинг кўрсатишича, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ишловчи, турли касбларга ва малакага эга фуқаролар, айниқса тадбиркорлик соҳасида банд бўлган кишилар, фан ва таълим соҳаларининг вакиллари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги фаолиятини ижобий баҳолайдилар.