Иқтисодиёт | 10:08 / 28.07.2017
7999
2 дақиқада ўқилади

“Ўзқурилишматериаллари” АЖ корхоналари томонидан 1,5 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди  

Иллюстратив фото

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти тизимига кирувчи корхоналар томонидан 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида 1,5 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ҳамда халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилди. 2016 йилнинг шу даврига нисбатан маҳсулотнинг умумий ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоизга ўсди.

Компания маълумотларига кўра, 2016 ва 2017 йилнинг 6 ойи давомида жами 158 млн. долларлик 39 та лойиҳа амалга оширилди.

Инвестиция дастурининг манзилли дастури қисмига мувофиқ 2017 йилнинг январь-июнь ойларида 40,1 млн долларлик маблағлар ўзлаштирилди. 2017 йилнинг 6 ойи давомида маҳсулот экспорти ҳажми 46,9 млн долларни ташкил қилди. 

Жорий қувватларнинг модернизация қилиниши ва янги корхоналарни ишга тушириб замонавий, рақобатбардош турдаги қурилиш материалларининг ишлаб чиқарилиши натижасида 2007 йилдан ҳозирги давргача экспорт қилинувчи маҳсулотларнинг турлари 12 тадан 48 тагача кўпайди, бунинг натижасида маҳсулотнинг экспорт ҳажми 33,9  млн доллардан 107,0 млн долларгача ошди.

Бугунги кунда маҳсулотни экспортга чиқариш бозорларини кенгайтириш мақсадида, маркетинг ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда Туркманистан, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

Мавзуга оид