Мен шу йил 27 июнь куни Ўзбекистон телевидениеси орқали, «Маданият ва маърифат» каналининг «Очиқ студия» кўрсатувида ўқитувчилар кўча тозалаш ишларига, пахта яганаси ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига, пахта теришга, коттежларнинг қурилишига сафарбар этилаётгани тўғрисида гапирган эдим. (Шу кўрсатувдан кейин ишдан четлаштирилдим). Бу мавзу турли ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинди. Ҳатто Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолари билан телевидениеда бўлган учрашув чоғида ҳам шу масала кўтарилди.
«Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ободончилик ва дала ишларига мажбурий жалб этилиши тўғрими? Сенаторлар ва қонунчилик бунга қандай муносабат билдиради?» деган саволга Сенатнинг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари жавоб берди:
− Республикамизнинг турли ҳудудларида депутатлар билан ўтказилган учрашувларнинг бирортасида бирор ўқитувчи «Бугун биз кўча тозалаяпмиз», деган шикоят билан чиққани йўқ. Улар биз билан учрашувларда мажбурий меҳнат ҳақида оғиз очаётгани йўқ ва бундай ҳолат кузатилмаган.
− Нафақат ўқитувчилар, шифокорлар, боғча тарбиячилари ҳам кўча тозалагани чиқяпти. Буни ўзимиз ҳам кўряпмиз-ку? – деди журналист Барчиной Жўраева.
Светлана Артикова масалага нисбатан ўз муносабатини билдирди:
− Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Сиз билан биз яшайдиган ернинг юзини сиз билан биз тозаламасак, ташқаридан келган одам тозалаб берадими?
Бугун қўлимга тасодифан бир ҳужжат тушиб қолди, мутлоқо тасодифан.
Унда Самарқанд шаҳрида бўлаётган ободончилик ишлари, хусусан, трамвай йўли қурилиши ва йўл кенгайтирилиши туфайли Шоҳи Зинда ва Рўдакий кўчаларида бузилаётган уйларни бузиш, текислаш ишларига қайси ташкилотлар одам юбориши аниқ қилиб, белгилаб берилган. Ҳужжатни Самарқанд шаҳар ҳокими имзолаган.
Ҳужжатни синчиклаб ўқиб чиқинг: уй бузишга қайси мактаблар, қайси лицей ва коллежлар, қайси шифохоналар жалб этилмоқда? Шаҳар шифохонасининг ҳар бир бўлимига биттадан уй бириктирилганига эътибор беринг.
Энг қизиғи, тугатилиб кетган ташкилот — «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар бўлимига ҳам бир уй бириктирилган!
Тўғри, рўйхат аввалида ҳокимият бўлимлари ҳам кўрсатилган, аммо улар кувалда кўтариб, уй бузишга боришларига негадир менинг ақлим ишонмайди!
Энди ҳужжат иловасига эътиборингизни қаратинг, уни сўзма-сўз келтираман:














