Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Гулнора Каримовага нисбатан очилган жиноят ишлари юзасидан очиқлаган хабари юртимизда жуда катта шов-шув келтириб чиқарди.
Бу ҳолатда Г.Каримованинг бевосита раҳбарлигида юритилган «Terra Group» МЧЖ, «Prime Media» МЧЖ, «Gamma Promotion» МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши 2013 йил 24 октябрда — деярли 4 йил муқаддам қўзғатилганига алоҳида эътибор бериш лозим.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги (!) ҳукми билан Г.Каримова айбланаётган жиноятлар — жумладан, 2 трлн. 91,4 млрд. сўмлик солиқларни тўлашдан бўйин товлашни содир этишда айбдор, деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, Г.Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга яна айрим жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Яъни, бу ҳали ушбу жиноят иши учун алоҳида суд бўлиши ва яна жазо қўлланилиши мумкинлигини англатади.
Бош прокуратура хабарига кўра, ушбу ҳолатлар бўйича Г.Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қайд этилган 2 та жиноят иши бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарарнинг умумий суммаси 1 трлн. 270 млрд. 200 млн. сўм, 1 млрд. 651,8 млн. АҚШ доллари, 26,1 млн. евро — миллий валютада жами 3 трлн. 746,8 млн. сўмни ташкил этади.

Гулнора Каримовага тегишли компанияларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилгани ва суд ўтказилгани ҳақидаги илк хабарлар 2014 йилда пайдо бўлган эди. 2014 йилнинг февралида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси «Terra Group» МЧЖ, «Prime Media» МЧЖ ва «Gamma Promotion» МЧЖнинг 10 дан зиёд мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очгани маълум қилинган эди. 2014 йилнинг 17 февралида ушбу жиноят иши доирасида Гулнора Каримованинг яқин сафдошлари — Рустам Мадумаров, Гаянэ Авякян ва Екатерина Клюева ҳибсга олинган.
















