Дунёдаги энг йирик балиқ бозорида ёнғин юз берди
Япония полициячи ва ўт ўчирувчилари дунёдаги энг йирик балиқ бозори Цукидзи вайроналарини тозалашни бошлашди. Бозор ҳудудида ёнғин юз берди, деб хабар қилмоқда NHK телеканали.
Ёнғин 3 август тунги соатларда юз берган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмади, бироқ бозорнинг 935 квадрат метрлик ҳудуди вайронага айланди.
Телеканал маълумотларига кўра, ёнғин туфайли еттита бино зарар кўрган. Шу билан бирга, оловни тўлиқ ўчириш учун тахминан 15 соат вақт кетган.
Ўт ўчириш хизматлари воқеага нима сабаб бўлганини ҳозирча аниқлай олишмади, айни дамда бу борада суриштирув ишлари ўтказилмоқда.
Токио губернатори Юрико Коикэнинг таъкидлашича, бозорнинг ёши ва унинг кучли зилзилаларга бардош бериш даражасининг пастлиги ҳудудни қайта қуриш кераклигидан далолат беради.
Токиода 80 йил аввал ташкил этилган балиқ бозорини ҳар йили ўн минглаб кишилар келиб кўради. У сайёҳлар орасидаги энг машҳур жойлардан бири саналади.