Ҳозирги тезкор ривожланиш даврида ёшларнинг аксарият қисми олий таълим олиш истагида ва ҳаракатида. Буни мамлакатимиз ОТМларига ҳужжат топширган абитуриентлар сонининг бетўхтов ўсиш динамикаси ҳам кўрсатиб турибди. Сон билан бирга сифатнинг ҳам ошаётгани эътиборга лойиқ. 10 йил олдинги ҳолат билан солиштирадиган бўлсак, ҳозирги абитуриентларнинг аксарият қисми имтиҳонлар учун анчайин сифатли ва самарали тайёргарлик кўрмоқда. Бу йўналишда репититорлик, нодавлат таълим муассасалари хизматлари таҳсинга лойиқ.
Абитуриентлар сифатли тайёргарлик эвазига ўқишга кирмоқда, лекин, улар бунинг эвазига 100 фоиз сифатга жавоб берадиган таълим олишадими? Ўша 100 фоизга етиш йўлидаги муаммоларни ўз нуқтаи назарим асосида келтириб ўтсам.
Кириш имтиҳонларидаги муаммолар
Ҳужжат топшириш тизимини замон талабларига мослаш керак. Бу ўта долзарб масаладир. Ахборот коммуникация технологиялари асрида яшамоқдамиз-у, ҳали-ҳамон ўқишга ҳужжат тайёрлаётган, бошқа вилоят ОТМига бориб топшириб, имтиҳонгача яна саргардон юрганларга кўзимиз тушади.
Ваҳоланки, АҚШ ва Европанинг етакчи давлатлари ҳужжатларни электрон шаклда, масофадан туриб қабул қилишга ўтганига анча бўлиб қолди. Ҳақиқатдан ҳам ғалати ҳолат. Бир танишим бакалаврга кириш имтиҳони учун пойтахтга бир ой ичида 4 марта бориб келгани эсимда. Бакалаврни тугатгач эса магистратурага АҚШнинг Калифорния штатидаги бир университетга океаннинг бу томонида туриб ҳужжат ҳам топширди, онлайн имтиҳон ҳам топшириб ўқишга кирди. Ахир бу ажойибку, тўғрими?
Хуллас, ҳужжат топшириш электрон шаклга ўтказилса, абитуриентларнинг ҳам вақти, ҳам нақди тежалади. Қабул қилувчи комиссия ҳам биринчи 5 кунликда кунига 5тадан, охирги 5 кунлигида эса 500та ҳужжат қабул қилиш муаммосидан халос бўлади. Бу икки томонлама фойдали ва замон талабига тўлиқ жавоб берадиган ўзгариш бўлар эди, агар содир бўлса.
Йилдан йилга қийинлашиб бораётган кириш имтиҳонлари абитуриентларга етарлича муаммолар ва бир талай иш орттирмоқда. Имтиҳонларни самарали ташкил этиш дегани бу саволларнигина қийинлаштириш эвазига сунъий тўсиқлар яратиш, дегани эмас, менимча. Чунки савол объекти тобора майдалашиб, мужмаллашиб абитуриентни керагидан ортиқ қийнаб юбормоқда. Бундай ҳолатларни она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларида яққол кузатишимиз мумкин, бошқа фанлар ҳам бундан мустасно эмас.
Бундан ташқари, 36 талик 3 блокли тест ҳам баъзида самара бермаётганини кузатишимиз мумкин. Мисол тариқасида олсак, кириш балли 75-85 оралиғида бўладиган йўналишга қандай абитуриент ўқишга киради деган саволни бераман. Ҳа, топдингиз, фақатгина омадли абитуриент! Лекин гап таълим ҳақида борар экан биринчи навбатда илм олган абитуриент ўқишга кириши лозим.












