«Китоб дунёси» газетаси сайтида таниқли адабиётшунос, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаевнинг президентимизга мактуби эълон қилинди.

Ш.Ризаев санъат ва адабиёт соҳасидаги бир талай муаммолар ва таклифлар, ечимлар билан бир қаторда мактубининг энг сўнгида рус графикасига асосидаги алифбони қайтадан жорий этиш ва уни ўзбек тилининг бош алифбоси этиб белгилаш ҳақида таклиф билдирган.

Адабиётшунос олимнинг ушбу таклифи ижтимоий тармоқларда жуда катта резонанс келтириб чиқарди. Албатта, унинг таклифини қўллаб-қувватловчи кам сонли одамлар ҳам топилди. Лекин аксарият фикри тиниқ кишилар, ўзбек тили лотин алифбосида қолиши кераклиги, қайтага уни бироз такомиллаштириб, замонга мослаб тўлиқ жорий этиш ҳақида кескин фикрлар билдирила бошланди.

Ҳаттоки, рус графикасига қайтилиши мумкинлигидан ташвишланган, лотин имлосини ёқловчи ижтимоий тармоқдаги ўзбеклар орасида кириллча ҳарфлардан умуман фойдаланмаслик, фақат лотинча имлода ёзишга чорловчи ташвиқотлар бошланди. Ижтимоий тармоқларда фақат лотинча имлодан фойдаланишга аҳд қилганлар кўпайди.

Хорижий давлатларда туғилган ўзбеклар дунё бўйлаб сочилган 50 миллионга яқин миллатдошларимиз айнан лотин имлоси воситасида баҳамжиҳат мулоқот қила бошлашганини таъкидлаб, рус графикасини Ўзбекистонда қайтадан расмий ёзув қилиш истагида бўлганларга рад жавобини бериб, ўзбекистонликлар ва бутун дунё ўзбекларига қулай бўлган Ўзбек лотин алифбосини янада мукаммалроқ қилиб жорий этишни Президент Шавкат Мирзиёевдан илтимос қилиб сўраб, очиқ хат жўнатишди.

Ўзбекистонда туғилмаган ўзбекларнинг Президентга мактуби чоп этилди

Дарҳақиқат муаммо кичик эмас. Аввало, «кириллча имло», дея муаммони хаспўшламаслик керак. Ўзбекистон ССРнинг 1940 йилда қабул қилинган қонуни «Ўзбек ёзувини лотинлаштирилган алифбедан рус графикаси асосидаги янги ўзбек алифбесига кўчириш тўғрисида»ги деб аталади. Яъни, алифбомиз айнан руслаштирилган. Бинобарин, ортга қайтиш — руслаштириш дегани, буни бир зум ҳам унутмаслик лозим.

«Оммалашмаётган алифбодан оммавий ахборот воситалари ҳам, нашриётлар ҳам ниҳоятда кам фойдаланяпти» дейди Ш.Ризаев ўз мактубида. Ҳа, айнан босма оммавий ахборот воситаларининг янги имло тўлиқ жорий бўлишида ҳиссаси катта бўлиши керак эди! Эди!