Фото: Islom.uz

Тарих турли воқеаларга гувоҳ. Унинг очилмаган қирралари шу қадар кўпки, билганинг сари ўзига мафтун этиб бораверади. Шу билан бирга сенга олам-олам билим манбаи ҳам бўла олади. Жорий йилнинг 10 август куни Абдул Қодир ибн Масъуднинг араб мамлакатлари тарихига бағишланган тарихий мақоласи эълон қилинди. Шаҳноза Тўрахўжаева таржимаси асосида тайёрланган мақола info.islom.uz сайти томонидан тақдим этилган. Қуйида ана шу мақола ҳавола қилинмоқда.

Форс кўрфазидаги инқироз шу даражага етдики, Қатар ҳукумати томонидан Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларининг талаблари бажарилмаслиги ортидан айрим кузатувчилар бу икки давлатнинг Қатарга қарши ҳарбий босқин бошлаши эҳтимоли ҳақида гапира бошлади.

Айни пайтда мутахассисларнинг фикрича, бу талаблар шундай ифодалангандики, уларни бажариш имконсиз бўлиб, ҳарбий аралашувни нақд қилиб қўяди.

“Араблар арабларни ўлдирадилар, уларнинг шаҳарларини вайрон қиладилар  ва араб қонини дарё қилиб оқизадилар” – бир неча ўн йиллар давомидаги араб ҳаётининг қайғули манзараси бу, сабаблари эса ерга кўмиб ташланган ва бизнинг назаримиздан пинҳон. Айнан шу туфайли ҳам биз бугун бошимиздан нималар ўтаётганини англаш учун тарих уммонининг тубига шўнғишимизга тўғри келади. Ахир, бугун ўтмишнинг қорнида пайдо бўлади, тарих эса ҳақиқатни билишни истаганлар учун устоздир. Қуйидаги докладда Қатарга ҳарбий босқин эҳтимоли муҳокамаси энг қизғин нуқтага етган бир шароитда биз замонавий дунёда араб мамлакатлари орасида бўлиб ўтган бешта энг йирик қуролли тўқнашувни ёдга оламиз.

1962 йил Ямандаги уруш

Яманликлар томонидан “26 сентябрь инқилоби” дейиладиган Яман уруши ўтган асрнинг 60-йилларида бошланди ва 1967 йилгача – Мисрнинг мағлубияти ёки 1967 йилги “Нақса” (олти кунлик уруш – муҳ. изоҳи)гача  – давом этди.

Уруш республика тузуми тарафдорлари имом Ал-Бадр саройини ўраб олишлари билан бошланди, бунинг натижасида Мутаваккил қироллиги қулатилди, имом эса Саудия Арабистонига қочди. Аммо Буюк Британия, Саудия Арабистони ва Иордания ўз тарафдорларини 1970 йилгача қўллашда давом этди, бу вақтда Жамол Абдул Носир республикачилар томонида бўлди. Бу билан у ўз назарида Миср ва Сурия томонидан тузилган бирлашган республиканинг парчаланиши ортида турган Саудия Арабистонига қарши “очко” ишлаб олмоқчи эди. Бундан ташқари, унинг мақсади араб ўлкаларида социализм ғояларини тарғиб қилиш ҳамда унда ўзи илгари сураётган панарабизм ғояларига мос тарзда Мисрга хайрихоҳ тузумлар жорий этиш эди.