Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 августда “Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида келтирилган.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси фаоллар кенгашининг Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасини Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси сифатида қайта ташкил қилиш ҳақидаги қарори маъқулланди. 

Қуйидагилар Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

халқимизнинг эстетик талаб ва эҳтиёжларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда, замонавий руҳдаги бадиий юксак асарлар яратиш, катта мусиқий асарлар, жумладан, опера, симфония, концерт ва оратория каби мумтоз жанрлар ривожига алоҳида эътибор қаратиш; 

ёш композиторлар, бастакорлар ва мусиқашунослар, барча ижрочиларнинг ижод билан самарали шуғулланишлари учун имконият ва шароитларни кенгайтириш; 

мамлакатимизнинг маданий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда мусиқа санъати соҳасида ижод қилаётган барча ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш; 

миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, мусиқий таълим-тарбия соҳасини такомиллаштириш, мумтоз ва замонавий мусиқа санъатини тарғиб қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш; 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ижодий ҳамкорликни кучайтириш, турли ижодий танловлар ўтказиш, бастакорлар ижодини рағбатлантиришга қаратилган концертлар, фестиваллар, ижодий кечалар ва бошқа маданий-маърифий, оммавий тадбирларни ташкил этиш; 

халқаро маданий ва мусиқий ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, ёш композитор, бастакор ва мусиқашуносларни замон талаблари даражасида тайёрлаш, чет давлатлардаги таниқли композиторлар ва мусиқашунослар билан ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш; 

Ўзбекистон давлат консерваториясида соҳа вакиллари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш; 

Низом талаблари асосида Уюшма аъзолари сафини ёш истеъдодли композитор ва бастакорлар, мусиқашунослар билан тўлдириб бориш.