Спорт | 17:10 / 19.08.2017
27565
3 дақиқада ўқилади

Мейвезер ва Макгрегор баҳсидан ҳам муҳимроқ жанг

Тошкент вақти билан якшанба куни ярим тунда Американинг Линкольн шаҳрида ажойиб бокс оқшоми бўлиб ўтади. Сўнгги 11 йилда биринчи марта жаҳоннинг мутлақ чемпиони аниқланади. Илк яримўрта вазн тоифасида америкалик Теренс Кроуфорд ва намибиялик Жулиус Индонго 4 та асосий чемпионлик камари учун рингга чиқишади.

Теренс Кроуфорд (чапда)) ва Жулиус Индонго чемпионлик камарлари билан

2017 йилнинг бокс оламидаги асосий жангларидан бири 14,5 минг томошабин кетадиган «Pinnacle Bank Arena» стадионида ташкил этилади. 63,5 кг вазнда WBC ва WBO таснифида жаҳон чемпиони Теренс Кроуфорд WBA ва IBF камарлари соҳиби Жулиус Индонго билан куч синашади. 

Жанг ғолиби 4 та асосий чемпионлик мақомини қўлга киритган бокс тарихидаги учинчи спортчи бўлади. Бунгача ўрта вазнлилардан Бернард Хопкинс (2005 й) ва Жермен Тейлор (2006 й) 4 та камарни бирлаштира олган эди.

Умуман, 6 та соврин учун кураш олиб борилади. Юқоридагилардан ташқари IBO чемпионлик камари (Индонго) ва The Ring журнали камари (Кроуфорд) учун ҳам кураш бўлади. Бу каби совринларга шу пайтга қадар ҳеч ким бир вақтнинг ўзида эгалик қилмаган. 

«Бу жанг мутлақ чемпионлик учун,бу тарихий баҳс, ғалаба қозониш ёки ўлиш, аммо мен 100 фоиз тайёрман, — дея Индонго сўзларини келтиради Los Angeles Times. — Мен учун хорижда боксга тушиш қулай. Мен ўзимни кўрсатиш имконига эга бўлишни жуда хоҳлаганман. Мен боксчи ватандошларимни руҳлантириш учун барчасини қилишим керак. Мен бокс бўйича жаҳоннинг биринчи африкалик мутлақ чемпиони бўламан. Бунга ишониш қийин».

«Биз Индонго ҳақида эшитмаган ва унинг жангларини кўрмаган эдик. Россиядаги жанги бундан мустасно, — дея Кроуфорд сўзларидан иқтибос келтиради BoxingScene. — Биз даставвал Трояновский билан жанг қилмоқчи эдик, аммо у бизнинг таклифни намибиялик боксчи фойдасига рад этди. Шу боисдан ҳам, уни нокаут қилишганини эшитганимиздан кейин жанг видеоёзувини томоша қилдик. Ўшанда биз биринчи марта Индонгога эътибор қаратдик».

Кроуфорд 31 марта ғалаба (21 таси нокаут) қозонган бўлса, Индонго ҳисобида 22 ғалаба, (11 та нокат) юор. Уларнинг иккиси ҳам мағлубият аламини тортмаган. 

Мавзуга оид