Тиғ остига ётиш ёки бирор бир дори воситасини қабул қилишдан аввал унинг зарур эканига ишонч ҳосил қилинг. "Ортодокс" тиббий портали тиббиётдаги хавфли жараёнларга оид маълумотлар билан бўлишди.

Компьютер томографияси

Шифокор сизга компьютер томографияси (КТ) кераклигини айтса, бунга рози бўлишга шошилманг. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, сўнгги вақтларда тез-тез тавсия қилинаётган компьютер томографияси айрим турдаги саратон касалликларининг ривожланишига олиб келиши мумкин.

Ушбу тиббий жараёнда инсон оддий рентгенографиядаги нурланиш дозасидан 200 баробар кўп нурланар экан. Аксарият мутахассислар компьютер томографиясига берилган йўлланмаларнинг 10-30 фоизи нотўғри белгиланган, деб ҳисоблашади.

КТ - нисбатан тезкор ва арзон усул бўлса-да, магнит-резонанс томографияси унга қараганда хавфсизроқ. Ташхис қўйиш усулини танлаш унинг самарадорлигига боғлиқ. Шифокор имкон қадар кўпроқ маълумотга эга бўлиши керак. Бироқ бунинг учун беморларни бўлар-бўлмасга нурлантириш шарт эмас.

Елка соҳасидаги операциялар ва стероидларнинг эпидурал инъекциялари

Уларни баъзан умуртқа поғонаси атрофидаги оғриқларда белгилашади. Бироқ уколдан кейин юзага келадиган салбий асоратлар, масалан, фалаж ёки неврологик муаммолар бу жараён ҳақида олдиндан маълумотга эга бўлишни талаб қилади.

Бундан ташқари, мутахассислар эпидурал инъекциялар бўйин ва елка соҳасидаги сурункали касалликларда яхши самара бермаслигидан огоҳлантиришмоқда. Оғриқлар асаб толаларининг яллиғланиши - ишиас натижасида юзага келгандагина инъекция яллиғланиш ва оғриқларни камайтириши мумкин, шунда ҳам вақтинчалик. Қатор ҳолатларда физиотерапия анча кўпроқ самара бериши мумкин.

Малакали шифокорлар бундай касалликларни жарроҳлик йўли билан даволашга шошилишмайди. Операция зарур бўлганда ҳам, шифокорлар кўпинча оддий амалиётлар ўрнига ўзини оқламайдиган мураккаб жараёнларни ўтказишади. Шундай экан, операцияга рози бўлишдан аввал бир неча тажрибали мутахассис фикрини билинг.

Антибиотиклар

Шамоллашда биринчи навбатда антиботик қабул қила бошлаймиз ва бу жиддий хато. Антибиотиклар тавсия этиладиган беморларнинг аксариятига уларнинг мутлақо кераги йўқ.