Ўтган ойда Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани халқ таълими мудираси Нафиса Нишонова йиғилиш вақтида қўл остидаги ходимларига далага чиқишни буюргани ёзиб олинган аудиоёзув тарқалган, бу орқали Ўзбекистонда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилиши ошкор бўлганди. Бу воқеадан кейин туман мудири дарҳол ишдан олиниши кутилган, лекин у шу вақтга қадар лавозимида ишлашда давом этганди.
Бугун, 23 август куни Ўзбекистон туманидаги манба мудир ишдан кетгани ҳақида маълумот берди. «Kun.uz» вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Нафиса Нишонова билан телефон орқали боғланди.
«Ёшим 49да. Таълим соҳасида 30 йиллик стажга эгаман. Рус тили ва адабиёти ўқитувчисиман, филологман.
Шу туманда туғилдим, зиёли оила фарзандиман. Шу туман мени фидойи қилиб тарбиялади. Ҳар бир топшириқни масъулият билан бажараман.
Раҳбар одам ҳаммага ҳам ёқмаскан. Бугунги кун сиёсатини, Ўзбекистонимизнинг ютуқларини кўра олмайдиган ғаламислардан қўрқмайман. Қанча насиб қилса, шунча вақт шу вазифада раҳбарларимиз ишончини оқлаб ишлашда давом этаман. Ғаламислар қанча ҳаракат қилмасин, мақсадларига етиша олмайди. Менинг мақсадим битта - халққа хизмат қилиш.
Бугун раҳбарларим тушунишгани учун бор кучимни ишга солиб ишлайман», деган Нишонова.
Бугун ишдан бўшатилгани ва ўрнига бошқа раҳбар тайинлангани ҳақида хабарлар берилган Нишонова ўзининг бўшатилгани ҳақидаги буйруқни кўрмагани, 24 август куни вилоят миқёсидаги конференцияда иштирок этишга тайёрланаётганини маълум қилди.
«Kun.uz» мухбири ундан ўтган ойда унинг ўқитувчиларни меҳнатга жалб этиши акс этган, интернетда тарқалган аудиоёзувга муносабатини сўради.
«Республика Меҳнат вазирлигидан келиб ўрганишди. Тушунтириш хати ёзиб бердим.
Ҳамма ўз ташаббуси билан далага чиқаётгани, ҳеч ким ҳеч кимни мажбурламаётгани, ҳуқуқларимиз билан бирга бурчларимизни билишимиз, бугун шу юртда нафас олаётганимиз учун унинг ободлиги учун ўз ҳиссамизни беминнат қўшаётганимиз тўғрисида ёзиб берганман», дейди у.
Ундан «бурчлар» дея нимани назарда тутгани, ободонлаштириш ишларига ёки пахта теримига чиқиш ҳам «бурч» ҳисобланадими, дея сўралганда, жавоб аниқ бўлмади.
«Ўз хоҳишлари билан. Моддий манфаатдорлиги бўлганлар қўшимча ишга чиқиши мумкин», деди у.
Ундан пулга муҳтожлиги бўлмасдан, бўш вақтида уйида ўз устида ишлашни истаган ўқитувчиларга қандай муносабатда бўлиниши, уларга ишдан ҳайдалиш хавф солиши ёки хавф солмаслиги ҳақида сўралди.
















