Жаҳон | 11:19 / 25.08.2017
7099
2 дақиқада ўқилади

Хитой ҳарбийлари Макаодаги тўфон оқибатларини бартараф этишга ёрдам бермоқда

Фото: scmp.com

Хитой Халқ озодлик армиясининг Макао махсус маъмурий туманидаги ҳарбий хизматчилари 18 йилда илк маротаба табиий офат оқибатларини бартараф этишга ёрдам бермоқда. Бу ҳақда The South China Morning Post нашри ёзмоқда.

Хитойнинг жанубий минтақаларида ҳукмронлик қилган “Хато”номли тўфоннинг даҳшатли оқибатларини бартараф этиш, қидирув-қутқарув ишларини олиб бориш учун ХХОА ҳарбийларини жалб этишга тўғри келди. Табиий офат 17 кишининг умрига зомин бўлди. Уларнинг 9 нафари бевосита Макаода қурбон бўлди. "Хато" сўнгги 53 йилдаги энг кучли тўфон экани айтилмоқда. 

Португалиянинг собиқ мустамлакасини Хитойга топшириш 1999 йилда амалга оширилган эди. Шундан бери ХХОА табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш ишларига биринчи марта жалб қилинмоқда. Макао ҳокимияти сўровига биноан ХХР марказий ҳукумати шундай қарор қабул қилди. 

Макао маъмурияти раҳбари Фернандо Чуй 25 август куни маҳаллий аҳолидан табиий офат зарбасига яхши тайёргарлик кўрмагани учун узр сўради ва қурбонлар оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Унинг айтишича, тўфоннинг аянчли оқибатлари сабабли Макао метеорология бюроси раҳбари лавозимидан олинган. 

Шаҳар аста-секинлик билан тикланмоқда. Аммо, кўплаб туманлар сув остида қолмоқда, 6 мингдан ортиқ уйда электр энергияси йўқ. Ичимлик суви таъминотида ҳам муаммолар кўзга ташланмоқда. 

Мавзуга оид