Бугун 25 августда Германиянинг Ҳамбург шаҳрида Бокс дунёсининг 2017 йилги энг нуфузли мусобақасига старт берилади. 25 августдан 2 сентябргача Ҳамбург шаҳри AIBA World Boxing Championship-2017 мусобақасига мезбонлик қилади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси камсонли мамлакатлар сингари тўлиқ таркибда иштирок этади. Улар шу йилнинг 7 августида иқлимга мослашиш ва сўнгги тайёргарлик кўриш мақсадида Ҳамбургга жўнаб кетишган эди.
Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турлари бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасига нисбатан Жаҳон чемпионатида кучлилар қаторидан ўрин эгаллаш мушкулроқ. Ўзбекистон Бокс федерацияси матбуот хизматининг хабар қилишича, жаҳон чемпионатида дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларидан кўзга кўринган чарм қўлқоп усталари 10 та вазн тоифасида чемпионлик учун баҳсларга киришади. Қуйидаги жадвалда мусобақаларнинг тўлиқ жадвали билан танишишингиз мумкин.

Қуръага кўра, Ўзбекистон терма жамоасининг илк жангини -91 кг вазн тоифасидаги иқтидорли ёш боксчимиз Санжар Турсунов бошлаб беради ва никарагуалик Жеффри Гонсалесга қарши рингга кўтарилади. Биринчи давра учрашувлариданоқ рингга кўтариладиган чарм қўлқоп устаси Гонсалес устидан ғалабага эриша олса, иккинчи даврада аргентиналик Ямил Пералтага қарши жанг қилади.

Қуръа натижасига кўра, энг оғир +91 кг вазн тоифасида Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов жаҳон чемпионатида биринчи рақам остида рингга кўтарилади. У тўғридан-тўғри иккинчи даврадан баҳсларга қўшилади. Баҳодирнинг рақиби даниялик Кем Ларсен ҳамда анголалик Мбуи Карлос Масиа ўртасидаги жангдан сўнг маълум бўлади.

-81 кггача вазн тоифасидаги моҳир боксчимиз Рио-2016 Олимпиадаси кумуш медали совриндори, Осиё чемпиони Бектемир Мелиқўзиев ўз вазн тоифасида иккинчи рақам остида сараланди. Бектемир тўғридан-тўғри баҳсларни иккинчи даврадан бошлайди. Чарм қўлқоп устамизнинг рақиби россиялик Муслим Гажимагомедов ҳамда колумбиялик Жейссон Варела Монрой ўртасидаги жангдан сўнг маълум бўлади.






















