KUN.UZ ижодий жамоаси таҳририят электрон почтасига йўлланган мурожаатлар юзасидан Фарғона водийсида бўлди. Жумладан, Андижон вилоятининг Андижон шаҳрига қилинган ташриф давомида қўлга киритилган ютуқлар ва шу билан бирга мавжуд муаммолар ҳам атрофлича ўрганилди. Якунда Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев билан мазкур масалалар юзасидан суҳбат уюштирилди. Суҳбат давомида ҳоким қатор долзарб масалалар бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Андижон шаҳри аҳолисини ҳокимиятга бўлган ишончи

Президентимиз ҳар сафар бир гапни қайта-қайта таъкидлайдилар: “Халқнинг ичида бўлинг, халқнинг дарди билан яшанг”. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозир олдинги иш услубияти билан ишлаб бўлмайдиган пайт. Биринчи навбатда, ташаббус, ижодкорлик билан ишланиши керак. Бу гаплар баландпарвоз гаплар эмас, аммо айтиш мумкинки, бугун халқнинг дард-алами ва қувонч-ташвиши билан яшайдиган вақтдир. Илгари ҳокимият ва халқ орасида қайсидир маънода парда бор эди. Кўп нарсалар вилоятнинг биринчи раҳбарига боғлиқ. Агар биринчи раҳбар халқнинг муаммосини ўз вақтида ечиб берса, ана шундагина унинг одамлар орасида обрўи ва ишончи бўлади. Оддий мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Андижон вилоятининг ҳар бир маҳалласи, ҳар бир гўшасида бўлиб, одамлар дардини тинглаб, уларнинг муаммоларига ижобий ечим топиб берганлар.

Тўғри, ечилиши керак бўлган масалаларимиз жуда кўп. Айтиш мумкинки, 25 йил давомида тўпланиб қолган бу муаммоларни ҳал этиш учун вақт, маблағ ва бошқа эътиборлар талаб этилади. 

Таълим сифати ва ўқитувчиларнинг ободончиликка жалб этилаётгани ҳақида

Албатта, бу айни дамдаги энг долзарб масалалардан бири. Мен Андижон шаҳри ҳокими сифатида шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдимки, янги ўқув йилидан бошлаб юқорида келтириб ўтилган салбий ҳолатлар такрорланмайди. Чунки бу ҳолат ўқитувчиларнинг ўқувчиларга таълим беришларига салбий таъсир кўрсатади. Аммо ҳар бир халқ таълими ходимига ўз ҳудудини ободонлаштириши бўйича кўрсатма берамиз, аммо ўқув жараёни вақтида эмас. Олий таълим ва ўрта махсус таълим тизимида таҳсил олаётган Андижон шаҳридаги талабаларни оммавий ҳашарларга ишлатиш ҳолати учраётгани ҳақида маълумотлар олинди. Мен бу ёлғон маълумотлар қаердан келаётганини билмайман, аммо шу пайтгача Андижон шаҳрида ҳеч қайси талаба мажбурий тарзда оммавий ҳашарларда иштирок этмаган. Шу ўринда таъкидлашни истардимки, ўқитувчилар фақат таълим билан шуғулланишади, бошқа ишларга мутлақо жалб этилмайди.