Таниқли журналист Муҳаммаджон Обидов Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовни хотирлади.

Ислом ака ўзгалар фикрини қадрлар эди.

Оламнинг ишлари ғалат. Кечагина тасаввур ҳам қилиш мумкин бўлмаган гаплар бугуннинг ҳақиқатига айланса-я!

«Америка овози»нинг сиёсатдон журналисти Навбаҳор Имомова билан бир кун мириқиб суҳбатлашдим, ҳатто «дардлашдик». Президентлар Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев портретига чизгилар изладик. Одамлар тақдири, журналист қисмати ва албатта сўз эркинлиги мезонлари хусусида баҳслашдик. 

Бугун бир пайтлар Ўзбекистон телевидениеси раҳбари бўлиб ишлаган, ҳозирда Америкада яшаётган Жаҳонгир Маматов билан фейсбук «тили»да бўлсада, самимий ҳол сўрашдик. Жаҳонгир яхши ният билан Ўзбекистонда учрашишимизни тилади. Ҳеч бир мавзуда баҳслашмасак ҳам бир-биримизни тушунгандек бўлдик. 

Паҳлавон билан BBC мухбирлик бўлими очилиши, ўзбек телевидениесида хориж хабарлари лойиҳаси ҳақида фикр алмашдик. 

Буни қарангки, яқиндагина биз гўё баррикаданинг икки томонида тургандек ҳис қилардик ўзимизни. 

Кечагина вилоят ҳокими телевидениега интервью бериши мумкин бўлмаган воқеа деб қаралар эди. ХПК туфайли журналист Фарғона вилоятининг билимдон, лекин тезоброқ (у афғончи бўлгани ва сариқдан келгани учунми, жаҳли тез чиқади) ҳокими Шуҳрат Ғаниевни роса бир соат тўғридан-тўғри эфирда саволларга тутди, «терлатди». 

Рўзадорлар учун ташкил этилган ифторликда вилоят ҳокимидан тортиб барча куч ишлатар тизим (шу жумладан МХХ ҳам) раҳбарлари қўлларини кўксига қўйиб, намозхонларни Фарғонадаги энг ҳашаматли, Ислом Каримов номидаги санъат саройига таклиф қилдилар ва у ерда азон чақирилиб, саф тортиб шом намози адо этилди...

Замон бунча тез ўзгармаса-а?!

Бугун Лола Каримова (Тиллаева) дугонаси номидан Ислом ака ҳаётининг сўнгги соатлари ҳақида хотира эълон қилибди. Уни кўпчилик ўқиди. Буюк инсонлар ҳақидаги хотиралар шубҳали эмас, фақат ва фақат воқелик ҳақиқатига асосланган бўлиши лозим, деб ҳисоблайман. Ишонаманки, ҳали шундай хотиралар албатта ёзилади, эълон қилинади.

Шу кунларда Ислом Каримов вафотига бир йил тўлмоқда. Менга тақдир илтифот кўрсатиб, бу улуғ зот ёнида бир неча йил давомида телемухбир сифатида ҳамроҳ бўлиш насиб этган. Билмадим, яна қайси мухбирнинг исмини айтиб чақирган, лекин Ислом ака ҳар доим «Муҳаммаджон, ...» дея саволга, суҳбатга тутар эди мени. Биринчи марта шундай бўлгандаёқ Президентнинг менга бўлган самимий, ишончли муносабати унинг атрофидаги Давлат маслаҳатчилари, Бош вазир ўринбосарларига ёқмаганини сезганман. Аниқроғи «сездиришган». Ҳали пахта, ғалла далаларида, қурилиш майдонида, саноат корхонасида бўладими, Ислом ака бир-бир атрофидагилар орасидан мени кўз қараши билан излаб топар ва яна исмимни айтиб мурожаат қиларди (Бу лаҳзалар ўнлаб видеотасмаларда сақланиб қолган). Бу унутилмас учрашувлар, суҳбатлар, тарихий воқеалар ҳақидаги сатрларни чоп этиш вақти ҳам келиб қолар... Лекин мен шундай қутлуғ кунларда бу инсондаги ўзгалар фикрини тинглаш, агар таклиф асосли бўлса, унга қулоқ тутиш фазилати ҳақида ўз ҳаётимда кўрганларимни ўртоқлашмоқчиман.