Ёшлар пресс клубининг тақдимот маросими бўлиб ўтди
30 август куни пойтахтдаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида "Ёшлар пресс-клуби"нинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари қатнашди. Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди.
Ёшлар пресс клубининг мақсади нима?
Ёшлар пресс клуби - ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи майдон бўлиб, у ёшлар билан давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Ёшлар пресс клуби мавзулари ёшларнинг ўзларидан олинган таклифлар асосида белгиланади.
Тадбирда маълум қилинишича, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кундан то бугунга қадар 6700дан зиёд мурожаат келиб тушган. Бу муаммоларнинг 67 фоизи ҳал қилинган. Икки ой ичида 4800 нафар уюшмаган ёшларнинг масаласи ҳал этилган. Маҳаллаларда ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммолари эшитилган ва улар имкон доирасида жойида ҳал этилган. Шунингдек фермерлар, тадбиркорлар ва уюшмаган ёшлар билан ҳам учрашув ва суҳбатлар ўтказилган. Таъкидлаш жоизки, бундай тизимли ишларни амалга ошириш механизми янада такомиллаштирилмоқда.
Вилоят ва туманларда Ёшлар марказлари ташкил қилинмоқда, келгусидаги чекка ҳудудларда ҳам марказлар фаолиятини йўлга қўйиш режада бор. Ушбу марказларда ёшлар таълим олиши учун турли хил тўгараклар бепул хизмат кўрсатади.
Ёшлар иттифоқи 120га яқин давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда, 20га яқини билан Англашув меморандумини имзолади.
Ёшлар иттифоқи ва хориждаги ўзбек ёшлари
Тадбирда хорижда таҳсил олувчи баъзи ёшлар назоратсизлик натижасида турли ёт оқимларга қўшилиб қолиши мумкинлиги, шу боис уларни назоратга олиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шу ўринда Хитойнинг Пекин ва Шанхай шаҳарларида тажриба сифатида Ёшлар иттифоқининг Бошланғич ташкилоти ташкил этилгани ҳамда уларнинг етакчиси сайлаб олингани қайд этилди.

Ёшларининг тарқоқлигига йўл қўймаслик, гуруҳ сифатида бирлашишига имкон яратиш, Ўзбекистоннинг миллий байрамларини биргаликда ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланди. Хориждаги ёшларнинг қандай муаммолари бор, улар нималарга қизиқмоқда - Бошланғич ташкилот шу каби ишлар билан шуғулланади. Ёшлар иттифоқи келгусида Россия, Қозоғистон, Корея, Германия каби давлатларга бориб, у ерларда ҳам ёшлар фаолиятига оид тажриба алмашишни режа қилган.

















