Бугун Европада навбатдаги трансфер даричаси ёпилади. Ушбу мавзудаги янгиликларни таъқиб қилишда пайдо бўладиган саволларни инобатга олиб, трансферларнинг амалга ошиш механизмлари ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Трансферлар музокаралари қандай ишлайди?

Ҳар қандай трансфер музокараси бир пайтнинг ўзида учта муҳим йўналишда олиб борилади.

1) Сотувчи ва сотиб олувчи клублар ўртасида трансфер нархини келишиш.

2) Сотиб олувчи клуб ва футболчининг агенти ўртасида футболчининг шахсий шартномаси бўйича.

3) Сотиб олувчи клуб ва футболчининг агенти ўртасида, агентга тўланадиган тўловнинг ҳажми бўйича.

Сотаётган клуб аввало, харидор клуб ва футболчи ўртасида музокараларни бошлаш учун рухсат бериши керак бўлади, аммо амалиётда турли "ўртакашлар" ҳам мавжуд бўлиб, улар расмий сўровдан олдин футболчининг фикри билан қизиқадилар ва харидор клубга етказадилар. Бундай ҳолатларда кўпинча, ноқонуний равишда футболчи билан алоқага чиқиш деб тушунилади ва иш айбловларгача бориши мумкин. Масалан, яқинда, "Саутҳэмптон" "Ливерпуль"ни Виржийл ван Дейк билан мана шундай музокараларда айблади ва марсисайдликлар расман узр сўрашди.

Трансфер бўйича музокаралар асосан WhatsApp тармоғи орқали амалга оширилади.

Агентлар ва клуб раҳбарлари асосан мана шу тармоқдан фойдаланишни афзал биладилар. Ҳақиқатан ҳам, бу электрон почтасидан кўра осонроқ, ҳамманинг телефони доим ўзи билан, гуруҳ чатларини амалга оширишга қулай, жўнатилган хабарнинг очиб ўқилгани ҳақида ўз вақтида билиш мумкин, дунёнинг исталган нуқтасидан ёзиш ва гаплашиш имкони мавжуд.

<img alt="" height="340" src="http://tribuna.uz/m/content/2017/08/31/1.jpg" width="630" /> Фото: The Independent

Бундан ташқари, клуб ходими ёки раҳбари бошқа мамлакатга кетиши, бошқа клубда иш бошлаши, электрон адрес ёки телефон номерларини ўзгартириши мумкин, аммо WhatsApp манзили ўзгармай қолади. Бу эса, алоқани қайта ўрнатиш, керакли одамнинг контакт маълумотларини излаб топишни осонлаштиради. Хуллас, футбол оламида бу ижтимоий тармоқ жуда кенг қўлланилади.

Баъзи келишувлар нега трансфер ойнаси очилмасидан олдин ҳам эълон қилинади?

Масалан, "Манчестер Сити" Бернардо Силванинг трансферини 26 май куни эълон қилди. Клуб аслида 1 июлгача янги трансферни рўйхатга олиши мумкин эмас, аммо бу клубга футболчи билан келишиш, шартнома имзолашга ҳалақит бермайди. Аксарият клубларда молиявий йил 1 июлдан келаси йилнинг 30 июнигача давом этади, яъни келаси трансфер ойнаси очилгунча - бу трансферларнинг ҳисоб-китоби, йилнинг молиявий баҳоланиши учун қулай.