Ўзбекистон | 13:27 / 05.09.2017
23900
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг меҳмондўст мамлакатлари рўйхати эълон қилинди: Ўзбекистон 95-ўринда

Фото: "Кун"

Африканинг Комор ороллари давлати дунёнинг энг меҳмондўст мамлакати ва ҳудуди деб топилди. Passport Index портали томонидан ўтказилган тадқиқот натижаси шундай дейишга асос бўлмоқда. 

У 103 позициядан иборат рейтингни бошқармоқда. Рейтинг тузишда маълум бир давлат фуқаролари рейтингда иштирок этаётган мамлакатга визасиз бора олиши, ёки борганидан сўнг визани расмийлаштириши ёхуд электрон виза олиши мумкинлигига доир имконияти эътиборга олинган. 

Комор оролларига ташриф буюрмоқчи бўлганлар учун енгиллаштирилган тартиб амал қилади. Дунёнинг барча 198 мамлакати у ерга визасиз бориши мумкин. У билан бирга Кот-д’Ивуар, Гвинея-Бисау, Мадагаскар, Мальдив ороллари, Мавритания, Микронезия Федератив Штатлари, Мозамбик, Самоа, Сейшел ороллари, Шарқий Тимор, Тоголез Республикаси, Тувалу ва Уганда ҳам шу қаторда.

Иккинчи ўринда Кабо-Верде ва Доминикан жойлашган. Бу мамлакатларда 197 давлат фуқаролари учун енгиллаштирилган виза тартиби жорий қилинган. Юқори учликни Палау якунлайди. Бу республика кўрсаткичи 196 давлатдир. 

Юқори ўнликка, шунингдек, Жибути, Ҳаити, Макао, Сент-Винсент ва Гренадина, Камбожа, Непал ва Эквадор ҳам кирган.

Ўзбекистон ушбу рўйхатнинг 95 ўрнида Судан ва Тожикистон билан бир ўринда жойлашган. Мазкур уч давлатга 9 давлат фуқаролари визасиз кела олишади. Булар, Арманистон, Россия, Озарбойжон, Молдова, Қозоғистон, Украина, Белоруссия, Грузия ва Қирғизистондир. 

Шу йилнинг январь ойида Passport Index 2017 йилнинг энг кучли паспортлари рўйхатини эълон қилган эди. Унда паспорт эгасининг қайси мамлакатга визасиз бора олиш имконияти таққосланганди. Ўшанда Ўзбекистон паспорти 54 давлатга визасиз бориш имконини бериши қайд этилган ва 67-ўринга жойлаштирилганди. 

Мавзуга оид