Ўзбекистон | 17:00 / 05.09.2017
11842
2 дақиқада ўқилади

Human Rights Watch ташкилоти Ўзбекистонда яна иш бошлайди

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch (HRW) халқаро ноҳукумат ташкилоти узоқ йиллик танаффусдан сўнг яна Ўзбекистонда иш бошлайди. Бу ҳақида 5 сентябрь куни «Тараққиёт стратегияси» марказида бўлиб ўтган форум доирасида маълум қилинди. 

Мазкур форумда Human Rights Watch халқаро нодавлат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлинмаси директори Ҳью Уильямсон ва ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича офис директори Стив Свердлов ҳам иштирок этди. 

Эндиликда халқаро ташкилот юртимизда фаолият олиб борувчи ННТ, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ билан яқиндан ҳамкорликни ўрнатиб, инсон ҳаёти, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари, сўз эркинлигини ҳимоя қилишда давом этади. 

Форумда «Тараққиёт стратегияси» марказининг ижрочи директори, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, «Тадбиркор аёл» ишбилармон аёллар уюшмаси, «Истиқболли авлод» ижтимоий ахборот маркази ва бошқа ташкилотлар вакиллари сўзга чиқишди. 

Стив Свердловнинг таъкидлашича, Human Rights Watch ташкилоти баъзан мустақил, баъзан танқидий, айрим ҳолларда унча ҳам ёқимли бўлмаган, бироқ ҳар доим ишонарли маълумотни тўплашга кўмаклашувчи ва инсон ҳуқуқлари доирасида Ўзбекистон томонидан қабул қилинган мажбуриятларга тавсиялар берувчи овоз бўлиб хизмат қилади. 

Маълумот ўрнида: Human Rights Watch ташкилоти 1978 йилда ташкил этилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида мониторинг олиб бориш, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа умумэътироф этилган ҳужжатларда инсон ҳуқуқларига оид халқаро нормаларга риоя этилиши тўғрисидаги ҳисоботларни эълон қилиш билан шуғулланади.

Мавзуга оид