Жаҳон | 13:56 / 29.11.2025
1027
3 дақиқада ўқилади

Human Rights Watch Россияда "номақбул ташкилот" деб эълон қилинди

Россия адлия вазирлиги халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Human Rights Watch’ни "фаолияти номақбул ташкилотлар" рўйхатига киритди. "Чет эл агенти" деб эълон қилинганлар орасида Doxa нашри ва Россия президенти маъмурияти собиқ раҳбар ўринбосари Евгений Савостянов ҳам бор.

Фото: REUTERS

Россия адлия вазирлиги жума куни, 28 ноябрда, Human Rights Watch (HRW) ҳуқуқни ҳимоя қилиш халқаро ташкилотини ўзининг "фаолияти номақбул ташкилотлар" рўйхатига киритди. У 1978 йилдан бери фаолият юритади ва 70 дан ортиқ давлатда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини мониторинг қилади.

2022 йилда, Россиянинг Украинага қарши тўлиқ миқёсдаги уруши бошлангач, HRW сайти Россия ҳарбий агрессиясининг бориши ҳақида, гўёки, "ишончсиз" маълумотлар жойлаштирилгани баҳонаси билан Бош прокуратура талаби асосида Роскомнадзор томонидан блокланган эди.

2025 йил январ ойида HRW ўз ҳисоботида Россия расмийлари ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилишни кучайтиргани, фуқаролардан урушни қўллаб-қувватлашни талаб қилаётгани ва янги репрессив қонунлар қабул қилаётганини қайд этган.

"Фаолияти номақбул" ташкилотларга Россия ҳудудида фаолият юритиш тақиқланади, улар билан ҳамкорлик қилиш ва материалларини тарқатиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд. Бундай ташкилотлар учун маблағ тўплаш ёки уларнинг фаолиятини молиялаштириш беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, ўн йилгача муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинишига олиб келиши мумкин.

Россия адлия вазирлиги ўзининг "чет эл агентлари" рўйхатини ҳам янгилади. Унга Россия президенти маъмурияти собиқ раҳбар ўринбосари Евгений Савостянов, журналист Айгул Гимранова-Лион, жамоат арбоби Анзор Масхадов (Чеченистон собиқ президенти Аслан Масхадовнинг ўғли), шунингдек ёзувчи ва шоир Василина Орлова киритилди.

Бундан ташқари, 2017 йилда талабалар журнали сифатида иш бошлаган Doxa онлайн-ахборот нашри ҳам "чет эл агенти" деб эълон қилинди. 2024 йил январ ойида у Россияда "фаолияти номақбул ташкилот" деб тан олинган эди. Нашрнинг собиқ муҳаррирлари Россияда таъқибларга учраган ва мамлакатни тарк этган.

Август ойида Россия адлия вазирлиги Бош прокуратура қарорига кўра "Чегара билмас мухбирлар" (RSF) халқаро нодавлат ташкилотини ҳам "фаолияти номақбул" деб эълон қилди. 1985 йилда ташкил этилган ушбу тузилма сўз эркинлигини, журналистлар ва ОАВ ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, бутун дунёда цензурага қарши курашиш билан шуғулланади.

"Чегара билмас мухбирлар" ҳар йили дунёда матбуот эркинлиги индексини эълон қилади. 2025 йилда Россия унда 180 давлат орасида 171-ўринни эгаллаб, ўтган йилга нисбатан яна тўққиз поғона пастга тушган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид