Еврофутбол: Дам олиш кунлари бизни кутаётган энг қизиқарли 10 ўйин
«Телевизорни қўйсам, Англия терма жамоаси Мальта билан ўйнаётган бўлади. Шарҳловчининг рақиб футболчиларидан бирининг бўш вақтида сартарошлик қилишини айта бошлаганда, бу футбол эмас, дейман ўзимга ўзим. Терма жамоалар учун ажратилган ҳафталарни ёмон кўраман, қанийди тезроқ лига ўйинлари бошланса». Бу собиқ мураббий, инглиз мутахассиси Ҳарри Реднаппга тегишли сўзлар.
Биз ҳам терма жамоамизнинг ўйинига қараб туриб, худди Реднапп каби «бу футбол эмас» деб қўйган бўлсак ҳам, зерикмадик. Энди эса. Янаям қизиқроқ бўлади. Эътиборингизга дам олиш кунлари бизни кутаётган энг қизиқарли ўйинлар ўнлигини ҳавола этамиз.
МЕТЦ – ПСЖ
8 сентябрь. 23:45.
Парижликларнинг трансфер бозоридаги харидлари нафақат клуб учун, балки Лига 1 учун ҳам жуда фойдали бўлиши табиий. Одатда, мусобақанинг навбатдаги ўйини сифатида қараладиган бу ўйинни футбол мухлисларига тавсия қилган бўлардик. Зеро Килиан Мбаппе ва Неймарнинг Париж клубида қай даражада ўзларини кўрсатишлари, Кавани, Ди Мария каби футболчилар билан қандай куч хосил қилишларини кузатиб бориш қизиқ бўлса керак.
«Метц»эса, мавсумни жуда ёмон бошлади – 4 ўйин, 4 мағлубият. Бунинг устига навбатдаги синов, ахир бечораларнинг аввалги меҳмони «Монако» бўлганди.
(Ушбу ўйинни «Спорт» телеканалида Хайрулла Ҳамидов шарҳида томоша қилишингиз мумкин)
МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЛИВЕРПУЛЬ
9 сентябрь. 16:30.
«Ливерпуль»нинг Юрген Клопп бошчилигида топ жамоаларга қарши ўйинлари алоҳида диққатга сазовор. Ўтган мавсумда жамоа кучли олтиликка қарши ўтган ўйинларнинг бирортасида ҳам мағлуб бўлмаганди. Хусусан, «Манчестер Сити» ҳам уйда, ҳам сафарда мағлуб этилган.
Шунингдек, балки Филиппе Коутиньонинг ҳам майдонга тушишини кутишимиз мумкин. Футболчи Бразилиядан қайтди ва жамоаси билан машғулотларга киришди.
«Ливерпуль» ҳали ҳам ўша-ўша, ўзгаргани йўқлигини «Арсенал»га қарши ўйинда кўрдик. Чемпионлик учун энг асосий даъвогар саналаётган Пеп Гвардиола шогирдлари эса, аллақачон ўз майдонларида очко йўқотиб улгуришди. Ливерпулнинг бошқа клуби билан ўйинда...
ЭВЕРТОН – ТОТТЕНҲЭМ
9 сентябрь 19:00
Ливерпулнинг бошқа клуби трансфер ойнасида энг фаоллардан бири бўлди. Айниқса ҳужум чизиғини Сандро Рамирес, Уэйн Руни, Гулфи Сигурдссон каби янги футболчилар ташкил қилмоқда. Албатта, жамоанинг шаклланиб олиш даврида кучли рақибларга дуч келиб бир томондан фойда. Ҳар қандай ҳолатдаям қийин ўйинларни мана шу пайтда ўтказиб олиш, кейин эса, осонроқ рақиблар билан ўйнаш - қулай тақвим.
Хуллас, «Манчестер Сити» ва «Челси» синовидан кейин Куман шогирдлари «Тоттенҳэм» синовидан ўтишади. Лондон клуби ҳозирча у қадар ишончли ҳаракат қилмаётган бўлса-да, энг хавфли рақиблардан бири. Узоқ вақт трансфер бозорида сокин бўлган Почетинно сўнгги кунларда Девинсон Санчес, Сержио Орье ва Фернандо Льоренте каби футболчиларни сотиб олди. Бунинг устига август тугади, демак, Ҳарри Кэйн ҳам бемалол голлар уриши мумкин.
НИЦЦА – МОНАКО
9 сентябрь. 20:00
«Монако»ни кузатиш бу йил янада қизиқ бўлади. Деярли барча етакчиларини сотиб, трансфер бозорида 300 миллион еврога яқин даромад қилган Франция чемпиони энди янги кўринишда, янги таркибда «ПСЖ»га қаршилик қилишда давом этади. Ҳозирча, улар буни уддалашяпти – 4 ўйинда 4 ғалаба.
Ўтган мавсумда чемпионлик учун сўнгги турларгача кураш олиб борган ниццаликлар эса, ҳозирча у қадар яхши таассурот қолдира олишмаяпти. Аммо айнан «Монако» каби рақибларга қарши, айниқса, ўз майдоида «Ницца» барибир хавфли рақиб бўлиб қолаверади ва ўйин жуда қизиқарли кечса керак.
ЛЕСТЕР – ЧЕЛСИ
9 сентябрь. 19:00
Премьер Лиганинг сўнгги чемпионлари Лестерда тўқнаш келадилар. Услуб жиҳатидан бир-бирига жуда яқин бўлган жамоалар.
«Бёрнли»дан ўз майдонидаги мағлубият, жароҳатлар ва дисквалификациялар, трансфер бозоридаги ғалати воқеалардан сўнг, «Челси»да икки йил аввалги сценарий такрорланиши мумкинлигини тахмин қила бошлашганди. Аммо Конте жамоаси тезда ўзини ўнглаб олди ва икки кучли рақиб устидан ишончли ғалабага эришди.
«Лестер»ни эса, икки мағлубиятда айблаш қийин – улар «Эмирайтес» ва «Олд Траффорд»да меҳмон бўлгандилар. Ўз майдонида эса, Шекспир шогирдлари ҳар қандай рақибга қаршилик қила олиши мумкин.
Яна бир эътиборга молик жиҳат, Денни Дринкуотер собиқ жамоасига қарши майдонга тушиши мумкин.
ҲОФФЕНҲАЙМ – БАВАРИЯ
9 сентябрь. 21:30
Ўтган мавсум кашфиётларидан бири «Ҳоффенҳайм» клуби Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига йўл ололмади. Аммо Бундеслигада ҳали ҳам кучли рақиб сифатида қолмоқда. Ўтган мавсумда бу клуб «Бавария» устидан ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан эди.
«Бавария» бошқа лигалардаги етакчилар сингари, ҳозирча йўқотишсиз бормоқда. Аммо Жером Боатенг, Давид Алаба каби ҳимоячилар Анчелоттига ёрдам бера олмасликлари мумкин. Ўз навбатида «Ҳоффенҳайм» ҳам бир неча етакчиларсиз майдонга тушади – Адам Салаи, Серж Гнабри, шунингдек, Бенжамин Хўбнернинг тушиши ҳам сўроқ остида турибди.
СТОК СИТИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД
9 сентябрь. 21:30
Жозе Моуриньо шогирдлари ҳозирча юз фоизлик натижа кўрсатиб келаётган бўлишса-да, улар учун ҳақиқий синов энди бошланиши мумкин. Чунки илк турлардаги рақиблар, тан олиш керак, у қадар кучли эмас эди.
«Арсенал» устидан ғалаба қозонган «Сток Сити» ўз майдонида энг хавфли рақиблардан саналади. Хусусан, «Манчестер Юнайтед» учун ноқулай – манчестерликлар «Британия»да охирги марта Фергюсон даврида ғалаба қозонганлар. Кейинги ўйинлар икки мағлубият ва икки дуранг билан якунланган.
Курт Зума, Кевин Виммер каби ҳимоячиларни сотиб олган «Сток Сити» пешқадамга етарлича қаршилик кўрсата олади. Ҳужумда ҳам гол урадиган йигитлар бор.
ВАЛЕНСИЯ – АТЛЕТИКО
9 сентябрь. 19:15
Афиша нуқтаи назаридан тарихийроқ кўринса-да, айни паллада, айниқса, мавсум бошида бу учрашув ҳам жуда қизиқ ўтиши кутилмоқда.
«Валенсия» айниқса, ўтган турда Мадридда жуда яхши ўйин кўрсатди ва «Реал»дан очко олишни уддалади. Ҳатто ғалаба қозониши мумкин.
«Атлетико» эса, қаторасига учинчи ўйинни сафарда ўтказмоқда. Биринчи турда дебютант билан дуранг қайд этилган бўлса-да, Лас Палмасда жамоа ўзига келди ва йирик ғалабага эришди.
Шунингдек, Диего Симеоне билан тузилган янги шартнома жамоани янада жипслаштириши ва кучайтириши мумкин.
БАРСЕЛОНА – ЭСПАНЬОЛ
9 сентябрь. 23:45
Каталония дербиси. Ҳар доимгидек қизиқ бўлади. Жамоаларнинг сўнгги уч ўйинида «Барселона» йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлса-да, ҳар бир ўйинда «Эспаньол» етарлича қаршилик кўрсатганини таъкидлаш мумкин.
«Эспаньол» ўтган турда ўз майдонида мағлубиятга учраган бўлса-да, биринчи турда сафарда “Севилья” каби кучли жамоа билан муносиб ўйнаб, дурангга эришганди.
Бундан ташқари, «Барселона»нинг янги харидлари Поулиньо ва Усмон Дембеленинг ниҳоят майдонда кўриш барча учун қизиқарли бўлса керак.
ЛАЦИО – МИЛАН
10 сентябрь. 18:00
Келаси ҳафта Европа Чемпионлар Лигаси бошланиши муносабати билан, пешқадам жамоаларнинг ҳаммаси шанба куни майдонга тушишади.
Якшанбада зерикиб қолсангиз, албатта, А Сериянинг мана шу ўйинини томоша қилишингиз мумкин. Азалий Рим ва Милан тўқнашуви.
«Милан» мавсумни жуда кучли бошлади, Италия чемпионатида ҳам, Европа Лигасида ҳам фақат ғалаба қозониб келмоқда.
Бир қатор етакчиларини сақлаб қола олган «Лацио» ҳам ўтган икки турда мағлубиятга учрагани йўқ. Умуман мавсумни «Ювентус» устидан қозонилган ғалаба, яъни Италия Суперкубоги соврини билан бошлаган жамоада кайфият анча яхши бўлиши табиий. Маркетти, Филипе Андерсон каби футболчилар ҳали ҳам жароҳатдан тикланиб улгурмаган бўлишса-да, римликлар таркибида етарли ўринбосарлар бор.
Қаҳрамон Асланов тайёрлади.