Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги марта ва ўз одатига «содиқ ҳолда» жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолди. Алам қиладигани — шундай бўлишини Самвел Бабаян бош мураббийлик курсисига мустаҳкам ўрнашиб олган пайтдаёқ аксарият мухлислар сезган ва ўз вақтида норозилик билдирган эди. Бироқ на Ўзбекистон футбол федерацияси, на мураббийлар штаби мухлислар фикрини инобатга олди.

Жанубий Корея билан кечаги мағлубиятга тенг дуранг эса шундоқ ҳам лим-лим тўлиб турган сабр косасига томган сўнгги алам томчиси бўлди.

Хўш, бундан кейин...

Мухлислар ва журналистлар фикри, истак-хоҳиши инобатга олинадими ёки уларнинг устидан кулиш, гапини бир тийинга олмаслик, ҳаттоки ҳақоратлаш (ЎФФ ходими Шерзод Игамбердиев мисолида айтаяпман. Бу жаноб ҳақиқатни очиқ сўзлаган қалам аҳлини «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали «қишлоқилар» деб камситишгача борди. Аслида қишлоқи бўлишнинг ҳеч ёмон томони йўқ. Ўзбекистон аҳолисининг, адашмасам, 50 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Лекин Игамбердиев деганлари оғзидан чиқаётган гап оҳанги 138 фоиз таҳқирлашга йўғрилган) ҳолатлари давом этадими?

Мана, ЖЧга чиқиш орзумиз олтинчи марта амалга ошмади. Шу кетишда бўлса, насиб этса, еттинчи марта ҳам икки бармоғимизни бурнимизга тиқиб қолаверамиз. Хўш, бирор марта футбол федерацияси ёки у тайинлаган қайсидир мураббий (Миржалол Қосимовдан ташқари) айбини бўйнига олиб, халқ олдида, мухлислар олдида, мамлакат олдида узрхоҳлик қилдими? (Юзаки бўлса ҳам).

Нега футболимиз мутасаддилари доим сувдан қуруқ чиқиб кетаверади? Масъулиятни бўйнига олмайди ёки ҳеч бўлмаса, кимнингдир зиммасига ўша жавобгарликни юкламайди? Нима учун миллион-миллион долларлаб қилинган харажатларнинг (энди бемалол айтиш мумкинки, исрофгарчиликларнинг) жавобини ҳеч кимдан талаб қилмайди? (Масалан, биргина хориж йиғинлари учун қанча пул сарфланади). Хусусан, жаноб Бабаяндан? Талаб қилган бўлса, нимага бу ҳақда оммага икки оғиз хабар берилмайди? Нега бизда бунча кўп нарсалар сир тутилади? Ошинг ҳалол бўлса, кўчада е, дейди халқимиз. Нега бизда ҳалол ошни ўғри мушукка ўхшаб бекитиб ейишади?..

Нима учун бутун дунёда футбол мухлислар учун, бизда эса умуман бошқача ўйналади? Масалан, истасалар, ёпиқ стадионда ҳам ўйин ташкил этишади. Хоҳлашса, муҳим ўйинлар учун чипталарни «билмасдан» қўлга чиқариб юбориб, оддий мухлисларга асл баҳосидан 5-10 ҳисса қимматига пуллайдилар. Ҳеч ким ўша инсофсиз чайқовчиларнинг пишагини «пишт» демайди. Нега?