Матбуот соҳасида ишлаб, сочим оқаргани йўқ. Шундай бўлса-да, баъзи бир хулосаларга келиш учун тўққиз-ўн йил назаримда, кифоя.

Очиғи, Тошкентдаги ОАВлар ҳақида бир нима деёлмайман, аммо Самарқанддаги газета-журналларнинг, телевидениеларнинг саксон фоиз ижодий ходими филолог. «Энди, бир вақтлар журналистлар бўлмагани учун «боши айланиб» келиб қолгандир-да» дерсиз, бироқ эътироз қиламан. Самарқандлик ёш журналистлар орасида бугун ҳам филологлар кўп.

Масалага ўтай. Ҳар йили вилоятлардаги газеталарга Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетидан талабалар амалиёт учун юборилади. Бу тажрибага беш-олти йилдан буён гувоҳман.

Иккала олий ўқув юртининг раҳбарияти бундан фақат яхшиликни кўзлаган, бунга шубҳа йўқ. Чунки амалиётни кўрмаган, таҳририятда газета чиқариш тартиб-тамойили, мақола таҳририни билмаган ёш журналистнинг қўлига диплом бериш уни жангга қуролсиз жўнатишдек гап. Яъни, у эртага омади чопиб, бирор газета-журналга «илинган» тақдирда ҳам икки кунда журналистикадан совуйди. Сабаби, ишлолмайди, мақола ёзолмайди. Қарабсизки, хайр, журналистика!

Бўлган воқеа. Ҳолатни ўзгартирмасдан баён қилмоқчиман. Одатда жуда майдакаш эмасман. Лекин шу мавзуга батафсил тўхталмасак бўлмайди.

Яқинда хонамга бир йигит кириб келди:

— Яхшимисиз, брат!

— Раҳмат, келинг ука, ўтиринг.

— Журналистика факультетида ўқийман, амалиётга жўнатишди. Фалончининг (исмини айтиш ноўрин, шаънига тегиши мумкин, давлат мукофоти олган бир қиз) укасиман, танийсизми?

Боланинг иддаоси, ўзини тутишини кўриб, опасини танисам ҳам танимасликка олдим.

— Хўш, амалиётга келган бўлсангиз, нимадан бошлаймиз? Мақола ёзганмисиз, бирорта газетада мақолангиз босилганми?

— Ҳа, ёзганман, битта мақолам марказий газетада чиққан.

— Қайси мавзуда, қайси газетада? Менга деярли йигирма номдаги газета келади, ўқиб кўрай-чи.

— Эсимда йўқ, Навоий ижоди ҳақида эди...

Назаримда, бу йигит чекка тумандагилар газета ўқимайди ёки менга ўхшаган амалиётчидан тезроқ қутилиш пайида бўлади, деган хаёлга борган. Йўқ, мен уни шунчаки қўйиб юборишни хаёлимгаям келтирмадим. Амалиёт қоғозини кўздан кечирдим — 15 июндан 7 июлгача бу йигит газетамизда мақола ёзишни машқ қилиши керак экан.