Бугун, 12 сентябрь куни Европада Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига старт берилади. Тўртта гуруҳда 1-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Tribuna.Uz А, В, С ва D гуруҳларидаги жуфтликларга эътибор қаратади ва эътиборга молик статистик кўрсаткичларга тўхталиб ўтади. 

БЕНФИКА – ЦСКА (12 сентябрь, 23:45, Матч ТВ)

—  «Бенфика» ва ЦСКА клублари шу вақтгача Чемпионлар Лигасида тўқнаш келишмаган. Уларнинг ўзаро ўйинлари 2004/05 йилги УЕФА кубогига тўғри келади. Ўшанда 1/16 финалда россияликлар ўз майдонларида 2:0 ҳисобида зафар қучган, Лиссабонда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Якунда «армиячилар» ушбу турнир ғолиби бўлганди. 

— ЦСКА 11-марта (қаторасига 5-марта) Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида иштирок этмоқда, бу Россия жамоалари ичида иккинчи кўрсаткичдир. «Спартак» 12-марта қатнашмоқда. 

— ЦСКА ЧЛнинг охирги 10 учрашувида ғалаба қозона олгани йўқ — 4 дуранг, 6 мағлубият. 

— Руслар жамоаси бош мураббийи Виктор Гончаренко учун бу тўртинчи қатнашув. Мураббий аввалги йилларда БАТЭ клуби билан мусобақада 3 ўйин ўтказган. 

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – БАЗЕЛЬ (23:45, Матч! Наш Спорт)

— «Базель» шу пайтгача 2 марта «Олд Траффорд»га меҳмон бўлган ва ютқазмаган. 2003 йилнинг мартида 1:1, 2011 йилнинг сентябрида 3:3 ҳисоби қайд этилган. 

— «Манчестер Юнайтед» аввалги 20 уринишнинг 16тасида гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтган. Аммо сўнгги 4 мартасининг ярмида гуруҳда қолиб кетган. 

— «Базель» мусобақадаги сўнгги 10 учрашувнинг бирортасида ҳам ғалаба қозона олмаяпти, шунингдек, бу ўйинларда швейцарияликлар жамоаси биттадан ортиқ гол ура олмаган. 

— Жозе Моуриньо Чемпионлар лигасида бешинчи клубини майдонга бошлаб келади. Мураббий илгари «Порту», «Челси», «Интер» ва «Реал» клублари билан турнирда қатнашган. Фақат Карло Анчелотти (7), Рафаел Бенитес (6) ва Клаудио Раньери (6) бу борада яхшироқ кўрсаткичга эга. 

— Пол Погба 32 марта ЕЧЛ ўйинида иштирок этиб, атиги 2 гол муаллифи бўлган. 


БАВАРИЯ – АНДЕРЛЕХТ (23:45)

— «Бавария» охирги 21 турнирнинг 20тасида гуруҳ босқичида иштирок этган. Охирги саккиз мавсумнинг 6тасида жамоа ярим финалгача етиб бора олган.