Жамият | 18:24 / 13.09.2017
10861
2 дақиқада ўқилади

Йилнинг энг яхши фан ўқитувчилари аниқланмоқда

13-15 сентябрь кунлари бошланғич таълим, она тили ва адабиёт, ўзбек тили, география, биология фанлари ўқитувчилари  ўртасида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2017” танловининг республика босқичи ўтказилмоқда. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати берган хабарга кўра, унда танловнинг ҳудудий босқичида энг юқори натижа кўрсатган 68 нафар педагог ўзаро беллашади.

2006 йилдан буён ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган танлов жорий йилда янгича кўринишда замонавий ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда ташкил қилинди. 

Жорий йилда танлов 3 босқичда (туман (шаҳар), ҳудудий ва республика) ташкил этилди.

Ўқитувчиларнинг тегишли фан бўйича касбий билимларини баҳолаш орқали уларнинг рейтингини аниқлаш мақсадида танловнинг туман (шаҳар) босқичида ўтказилган он-лайн тест синовларида 16 фан бўйича республика миқёсида жами 260 минг нафардан ортиқ ўқитувчилар иштирок этди.

Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази томонидан танлов учун махсус электрон дастур тайёрланиб, тест жараёнларини ташкил этиш ва натижаларини умумлаштириш  имконияти яратилди. Бу ўз навбатида танлов жараёнларини шаффоф ва очиқлигини таъминлаш билан бирга уни марказлашган ҳолда бошқариб бориш,  ўқитувчилар билим савиясини ҳудудлар ҳамда фанлар кесимида таҳлил қилиш имконини берди.

Танловнинг республика босқичи тест синовлари, ёзма иш, дарс машғулоти, замонавий АКТ ёрдамида дарс ишланма тайёрлаш каби 4 та шарт бўйича ташкил этилиб, иштирокчилар 100 баллик тизимда баҳоланади.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов қатнашчилари иштироки баҳоланиб, унда ғолиб деб топилган иштирокчилар “Халқ таълими аълочиси” кўкрак-нишони ва вазирликнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.

Мавзуга оид