Бугун тиббиёт ходимини бесабаб калтаклаб, истаганича ҳақорат қилган оила кун мавзусига айланди. Ижтимоий тармоққа жойлаштирилган аудиоёзувда шифокорга нисбатан ҳайвонларча муносабат қилинганига гувоҳ бўлиш мумкин. Kun.uz журналисти воқеани батафсил ўрганиш учун жойларда бўлди.

Бу ҳолатни қандай тасвирлашга ҳам ҳайронман: 24 соатлик танаффуссиз иш фаолияти давомида шифокор ҳар бир вазиятга шай туриши лозим. У белгиланган вақтда тушлик қилиб, ухлаб, ҳордиқ чиқариб, ҳаётдан баҳраманд бўлмайди. Ҳар икки кунидан бирида ана шундай тартиб асносида инсоннинг ҳаётини яхшилаш, унинг соғлиғини тиклашни олдига мақсад қилиб, ҳар тонг ишга отланган шифокор ой якунига кўра 800 минг сўм атрофида маош олади, ундан 700 минг сўм маблағ нақд ёки пластик картадаги пул кўринишида қўлига етиб келади. Бу шошилинч тез тиббий ёрдам хизматида меҳнат қиладиган шифокорнинг оддий ҳаётидан бир бўлак, фельдшер мақомида, табиийки, даромад яна камайиб боради.

10 сентябрь куни хизмат вазифасини бажариб турган Мирзо Улуғбек тумани 5-бўлим Тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Зафар Қаюмов навбатдаги чақирув орқали ушбу тумандаги Қора-су 4-мавзеси 1-уй, 9-хонадонга йўл олди. Унга ҳамкорлик қилган фельдшер Тимур Ҳикматовга эса ҳар эҳтимолга қарши уяли алоқа диктофонини ёқиб қўйишини тайинлайди. Бунинг сабабини қуйида англаб оласиз. Қаюмовнинг айтишича, саҳар соат 5:20 лар атрофида хонадонга кириб келгач, чақирувга сабаб бўлган бемор бола уйқуда эканини аниқлайди. Шунга қарамай, унга яқинлашиб, ўпкасини эшитишни бошлайди. Мутахассиснинг фикрича, ҳар қандай педиатр боланинг аҳволини англаш учун бу оддий амалиётни бажаради. Аудиоёзувни тинглаб тушуниш мумкинки, боланинг оғиз бўшлиғини кўриб, унга ташхис қўйишга киришган шифокорга беморнинг отаси Абдумалик Каримов ташланиб қолади.

«Сен боламга қарамоқчи эмассан, билмайсан даволашни» қабилидаги иддаолар билан Зафарнинг ўнг кўзига мушт туширди. Гандираклаб ерга қулаган савлат бориб тиббий қутига урилди. Ўзининг аҳволи ночорлигига қарамай, беморга беғараз ёрдам кўрсатмоқчи бўлаётган шифокор хонадон эгаларининг минг маломат ва сўкинишлари остида ишини давом эттирган. Дағдаға ва беҳаё сўзларга парво қилмай, менга ишлаш учун имконият берасизми, деб ялинишни бошлайди...

Ачинарли ҳолат эшитилиб турган аудиёзувни тинглашга ортиқ куч қолмади.

Иш қуролларимни олиб мустақил суриштирув ўтказиш учун Зафар Қаюмов ишлаган масканга ташриф буюрганимда, унинг бир неча ҳамкасблари, хусусан, раҳбари Шерзод Рўзиев «қўй оғзидан чўп олмаган, билимли шифокорларидан бири» ҳақида гапириб берди. Қизиғи, 5-бўлим Тез тиббий ёрдам бўлими шифокорлари Болтаев Зафар, Мамасиддиқов Соат, фельдшер Боймаков Ғайратнинг бошига айнан шундай кунни туширган А.Каримов ҳеч нима тап-тортмай яна бир шифокорни дўппослаган. Унинг аввалги қилмишлари жиддий кўриб чиқилмаган шекилли, келгусида ҳам бу ишни давом эттирди. Айнан Зафар Қаюмовнинг ўзи шундай ҳолатга август ойининг бошида тушгани учун диктофонни ёқиб олган бўлиб чиқди. Хонадон эгалари бир неча марта «портал» орқали шикоят йўллаб, шифокорларни бир нечта масалада айблаган.