Жамият | 16:12 / 15.09.2017
16284
3 дақиқада ўқилади

Ишонч суиистеъмол қилинди

Фото: Huffingtonpost

Тошкентлик Аҳрор Валиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қариндоши Равшан Зуфаров билан суднинг қора курсисидан жой олишга мажбур бўлди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Хуллас, қариндошлар гапни бир ерга қўйишди-да, бўлиб тўлаш шарти билан якка тартибдаги тадбиркор “Раҳимов А.Н.” дўконидан Равшан Зуфаровнинг номига телевизор харид қилишга келишишади. Бунинг учун А.Валиев Р.Зуфаров «Agro max global» МЧЖда ишлаши ҳақидаги, шунингдек, унинг ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни қалбакилаштириб, ҳужжатларни дўконга тақдим қилади. Телевизор қийматининг 25 фоизини тўлагач, улар баҳоси 6 миллион 673 минг сўмлик телевизорни олиб кетишади. Р.Зуфаров дастлабки тўрт ой давомида пулларни тўлаб турди, кейин эса қарзини тўлашни “унутиб” қўяди.

Осон йўл билан телевизорли бўлиб олган Р.Зуфаров вақтни ўтказмай, таниши Даврон Ҳожиевни ҳам “иш”га солади. Унга ўзи телевизор олган манзилни тушунтириб, йўл-йўриқ кўрсатади. Қарабсизки, ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан 4 миллион 723 минг сўмлик телевизорни дўкондан олиб чиққан Р.Зуфаров уни Аҳрор Валиевга бериб юборади.

Орадан кўп ўтмай фирибгарлар бошқа бир дўконни нишонга олишади. Бу сафар ҳам эски усулни қўллаб, ҳужжатларни қалбакилаштиришади-да, 7 миллион сўмлик телевизор билан 3 миллион 200 минг сўмлик телефон аппаратини қўлга киритишади. Р.Зуфаров телефон аппаратини ўзида олиб қолиб, телевизорни эса А.Валиевга “ҳадя” қилиб юборади.

Кейинчалик эса яна бошқа бир шахснинг номига қалбаки ҳужжат тайёрлаб, қиймати 4 миллион 651 минг сўмлик телевизор харид қилинади. Табиийки, бу ҳолатларда ҳам кредит тўлиқ қайтарилмайди. Маиший техника буюмлари эса Аҳрор Валиев томонидан сотиб юборилади.

Молидан айрилиб қолаётган дўкон эгалари бу ҳақда тегишли органларга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлишади.

Суд томонидан уларнинг ҳар бирига қилмишига яраша жазо тайинланди. Шунингдек, судланувчилар Р.Зуфаров ҳамда А.Валиевдан жабрланувчилар фойдасига етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди. 

Мавзуга оид