2017 йил 14 сентябрь куни Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази томонидан оммавий ахборот воситалари учун мазкур марказнинг кинология соҳасида халқаро ҳамкорлик борасида амалга ошириётган чора-тадбирлари ва уларнинг самарасига бағишланган матбуот анжумани ташкил қилинди.

Тадбирнинг айни шу кунларда ўтказилгани бежиз эмас. Боиси, жорий йилнинг 10-16 сентябрь кунлари Миллий кинология маркази Мустақил давлат ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ўртасида кинология соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган бир қатор нуфузли тадбирларга мезбонлик қилмоқда.

Муҳим ҳафталик доирасидаги тадбирларга МДҲ давлатлари божхона хизматлари раҳбарларининг кинология фаолияти бўйича Ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлинмалари бошлиқлари қўмитаси Ишчи гуруҳининг ўн еттинчи мажлиси, МДҲ давлатлари божхона маъмуриятлари кинология хизматларининг кўпкураш бўйича VII мусобақаси, Наркотик воситаларни излаш учун хизмат итларини тайёрлашга янги замонавий услубларни татбиқ этиш масалалалари бўйича амалий семинар ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь божхонаси кинология хизматлари вакилларининг икки томонлама ишчи учрашувлари киритилган.

Фото: Миллий кинология маркази
Фото: Миллий кинология маркази
Фото: Миллий кинология маркази

Мазкур тадбирларда иштирок этиш учун пойтахтга Беларусь, Озарбойжон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондан вакиллар ташриф буюришди.

Ҳафталикнинг ёрқин тадбирларидан бири МДҲ давлатлари божхона маъмуриятлари кинология хизматларининг кўпкураш бўйича VII мусобақаси бўлиб, 14 сентябрь куни ушбу беллашувнинг тантанали ёпилиши ва ғолибларни тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Миллий кинология маркази ва Олий ҳарбий божхона институтининг амалий машғулотлар майдонида 3 кун давомида бўлиб ўтган мазкур мусобақада 13 нафар кинологлар ўз хизмат итлари билан багаж ва қўл юкида, енгил ва юк автотранспорт воситаларида, хоналарда гиёҳванд воситаларни қидириш, буйруқларга бўйсуниш каби бир нечта йўналишларда ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.