Футболга қизиқмайман, деб айта олмайман. Вақт бўлганида, ёки вақтлироқ кўрсатилса, Англия ва Испания чемпионатларини кўриш жону дилим. Ўзбекистон чемпионати ўйинларини кўрмай қўйганимга анча бўлган. 90-йилларда Ўзбекистон кубоги мусобақасининг финалида Қўқоннинг «Темирйўлчи» ва Фарғонанинг «Нефтчи» жамоалари куч синашадиган бўлди. Мен ўшанда қўқонликлар мураббийи билан суҳбатда бўлдим. «Агар бизга ҳокимият мукофот пулларини қилиб бермаса, биз ўйинни ютқазиб берамиз» деб очиқ айтган гапларидан кейин Ўзбекистон чемпионати ва Кубоги ўйинларидан ҳафсалам пир бўлган. Шундан кейин ҳам бот-бот Ўзбекистон чемпионати ўйинларида келишилган ўйинлар борлиги ҳақида ҳамма жойда, ҳатто оммавий ахборот воситаларида ҳам таъкидланиб турилади. 

Лекин, бирор марта шу пайтгача, бирор ўйин таҳлили бўйича кимдир жавобгарликка тортилгани, ҳатто бу масала масъулиятли орган, яъни Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан  жиддий тарзда кўриб чиқилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Қачонлиги эсимда йўқку, бир куни Ахбор Имомхўжаев ўғилларидан бирининг жонли эфирда олиб борган «Футбол шарҳи» кўрсатувини кўриб қолдим. Кўрсатув меҳмонига, бир пайтлар Ҳиндистон терма жамоасига мураббийлик қилган,  менимча айни пайтда ФИФА услубчиси бўлиб ишловчи Ислом Аҳмедовга «Нега Ўзбекистонга келиб бирор бир жамоага мураббийлик қилмайсиз?» деб савол беришди. Шунда Ислом Аҳмедов «Бугунги кунда Ўзбекистондаги жамоаларда қайси футболчи ўйнашини футболга алоқаси йўқ мансабдор кишилар ҳал этмоқда, мен бундай шароитда Ўзбекистонда ишлай олмайман», деб жавоб бергани эсимда. Менимча ҳозирги кунда ҳам шундай саволга таниқли футбол мутахассиси яна худди ўшандай жавоб қайтарса керак. Ўзбекистон терма жамоаси эса мамлакатимиз футболининг кўзгуси, унинг ўйинларига қараб мамлакат футболининг қай аҳволда эканлигини билиб олиш мумкин. Айтмоқчи бўлганим, терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионати финал ўйинларига бора олмаслиги бошидан маълум эди. Хитой ва Корея жамоалари билан бўладиган ўйинлардан аввал жамоа ўйинини, унинг тренери Бабаяннинг нотўғри тактика танлаб ўйинга мутлақо яроқсиз бўлган Сергеев, Лобанов каби «ўйинчиларни» майдонга тушираётгани, уларни туширишдан мураббийнинг асосий мақсади уларни бирор бир хорижий клубга пуллаш эканлигини роса ёзишди. Терма жамоани Жаҳон чемпионати ўйинларида кўришнинг ягона усули жамоа мураббийини зудлик билан алмаштирилиши эканлигини роса таъкидлашди. Футболимизга мутасадди катталар бу чиқишларга заррача ҳам эътибор қилмадилар. Бабаян бечора мухбирлардан хорижга қочди. Федерация катталари жонли матбуот анжуманига ҳеч нарсага масъул бўлмаган мутасаддиларни жўнатишди. Ўшандаёқ навбатдаги чемпионат ўзбек футболчиларисиз ўтиши аниқ бўлиб бўлганди, менимча. Ишқибозлар ишқибоз эканда, яна умид қилишди. Хитой ва Кореяни мағлубиятга учрата олса Бабаянга бундан кейин ҳам «чидайверамиз» дейишгача боришди. Бироқ... Мўъжиза рўй бермади. Ўша футбол, ўша ўйинчилар, ўша тактика, ўша баҳоналар...

Тўғриси, ўйинчиларимизнинг майдондаги аҳволларини кўриб раҳмим келди. Ўйин бошиданоқ уларнинг кўзидаги қўрқув ва хавотирликдан, ҳаракатларидаги мажолсизликдан учрашув тақдири аниқ эди. Ва кутилганидек натижа бўлди. Биласизми, ўйиндан сўнг айрим ўйинчиларнинг йиғиси ҳам сохтадек туйилди менга. Ярашмаган йиғи эди бу. Бир пайтлар қўшни синфга баскетбол ўйнаб ютқазганимизда, роса йиғлаганмиз. Ҳеч кимдан уялмай йиғлаганмиз. Бизни ҳатто рақибларимиз ҳам юпата бошлашган. Сабаби ўша йиғимиз ҳақиқий йиғи эди, роса жон бериб ўйналган ўйин мағлубиятидан кейинги алам кўз ёшлари эди. Футболчиларимиз эса ўзбек жамоатчилигидан қўрқиб йиғлашгандек туйилди, менга. Қолаверса, шу ўйин билан Россияга бориб йиғлагандан кўра, ҳозир йиғлаб олган ҳам маъқулроқ ўзи.