«Болакай, нари тур, тепишга халал берма». Эҳтимол, Эдинсон Кавани унга айнан шундай демагандир, аммо видеода шунга ўхшаш гаплар айтилганини сезиш мумкин. Ҳа, Кавани пенальтини ура олмади ва айтган сўзлари учун уялиб қолди.
Аслида бу оддий эпизод. Агар бу бошқа футболчилар билан бўлганида ахборот оқими ичида йўқолиб кетган бўларди. Аммо гап Кавани ва Неймар ҳақида – резонанс кафолатланган, ҳал қилиб олиш керак бўлган иш бор. Французларнинг L`Equipe нашри бу видеоларни кенг таҳлил қилди. Унаи Эмери ва Дани Алвес, кейинроқ Каванининг ўзи изоҳ берди – фақат Францияда эмас, бутун дунёда бу ҳолат кенг муҳокама қилинди. ESPN ва Goal нашрларида урилмаган пенальти куннинг асосий воқеасига айланли. Шундай эпизод шу қадар муҳим бўлиши мумкинми?

Янги «ПСЖ» эндигина қурилмоқда, бу футболчилар эса бу жараёндаги асосий иштирокчилар. Аммо клубнинг асосий юлдузи ким бўлади, ким жамоанинг асосий етакчиси бўлади? Ҳеч бўлмаганда асосий пенальтист аниқми? Кўринишидан, Унаи Эмери бу масалада ёрдам бера олмайди. Унинг изоҳи зерикарли: «Пенальтини турли футболчилар ижро этиши мумкин — Неймар ҳам, Кавани ҳам. Улар буни олдиндан келишиб олиши керак эди, менга қолса, иккиси навбат билан тепишсин. Агар улар келиша олишмаса, унда мен қарор қиламан». Бошқача айтганда, мураббий бу юлдузлар масалани уни аралаштирмай ўзлари ҳал қилиб олишини истамоқда. У ҳозирги ҳолат (барча пенальтини Кавани тепиши) ўзини қониқтирмаслигига ишора қилди. Бу ҳолат Неймарни қониқтирмайди…
Гап футболчилар ҳал қилиб олишида эмас. Бундай вазият аввал ҳам кузатилганди. 25 август куни «ПСЖ» «Сент-Этьен»га қарши ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қилган, биринчи голни 20-дақиқада Кавани пенальтидан урганди. Ўшанда ҳам Неймар пенальти тепишни истаган – аммо Кавани унга тўпни бермаганди. «Лион» билан ўйинда худди шундай бўлди. Аввалига жарима зарбаси белгиланганда Кавани тепишга чоғланганида Дани Алвес тўпни қучоқлаб олиб, уни Каванидан яширди ва Неймарга бериб юборди. У бразилиялик ватандоши тарафини олиши тушунарли ҳолат.
Кавани Ибраҳимович билан рақобат даврини бошдан кечирган, ўшанда у марказ бандлиги туфайли вингер сифатида ўйнашга мажбур бўлган, у кетгач эса ўзини клубнинг қиролидек ҳис қила бошлади: тажриба, бомбардирлик, юлдузлик. Шунингдек, пенальтист. Энди у нега ўз ўрнини топшириши керак?
Неймар иккинчи бўлиб қолаётгани, Мессининг соясида қолиб кетаётгани туфайли Каталониядан кетганди. У янги клубида ҳеч нарсани, жумладан, пенальтини ҳам ким биландир баҳам кўришни истамайди. Бу манфаатлар тўқнашуви. Клубга келганига бир ойдан ошиқроқ вақт бўлган бўлсада, уни рози қилиш керак. Бир ойдан ошиқроқ вақт ичида унинг 120 минг футболкаси сотилди.

















