Жаҳон | 10:50 / 20.09.2017
82356
2 дақиқада ўқилади

Қўрқинчли Мехико. Зилзила шаҳарни вайрон қилди

19 сентябрь кунининг иккинчи ярмида Мексика жанубида кучли – 7,4 магнитудали зилзила юз берди. Зилзила мамлакат пойтахти Мехикога ҳам жиддий таъсир кўрсатди.

Бу Мексикада кейинги 30 йилдан ортиқ вақт ичидаги энг ҳалокатли зилзила бўлди. Охирги хабарларга кўра, табиий офат қурбонлари сони 200 нафардан ошди.

Интернетда тарқалган видеоларда одамлар қимирлашни бошлаган биноларни ташлаб қочиб чиқиши, бинолар худди дарахтдек силкиниши, иншоотлар ер остига кириб кетишини кўриш мумкин.

Мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Мехикода халқаро аэропорт вақтинча ёпилди. Мамлакат президенти Энрике Пеня Нето Нью-Йоркда давом этаётган БМТ Бош ассамблеяси йиғилишидаги иштирокини тўхтатиб, зудлик билан Мексикага қайтди. Пойтахтга зилзила оқибатларини бартараф этиш учун 3 минг нафар ҳарбий киритилди.

Зилзила ўчоғи жойлашган Пуэбла штати губернатори Тони Галининг маълум қилишича, ҳудудда бир неча бинолар жиддий зарарланган. Ҳудуддаги барча мактаблар фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Фото: Reuters
Фото: Reuters

Шаҳарда фавқулодда режим ўрнатилди. Вайроналар остидаги одамларнинг овозларини эшитиш учун шовқин чиқармаслик сўралмоқда. 

Фото: Reuters

Харобалар остида қолган одамларни қутқариш учун юзлаб кўнгиллилар иш бошлади. 

Фото: Reuters

Минглаб кишилар бинолар қулай бошлагач, кўчаларга қочиб чиқди. 

Фото: Reuters

Шаҳарда 3,5 млн киши электр токидан узилди, қутқарувчилар газ сизиб чиқишидан огоҳлантирмоқда ва чекмасликни сўрамоқда.

Фото: Reuters

Бу зилзила 32 йил олдин Мексикани вайрон қилган кучли зилзиладан кейинги энг йирик табиий офат бўлди. Ўшанда 10 минг киши ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид