Иқтисодиёт | 16:40 / 20.09.2017
4492
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла боливари бир ярим ойда икки баробарга арзонлашди

Фото: CNN

Венесуэладаги сиёсий беқарорлик, валюта етишмовчилиги ва АҚШнинг янги санкцияларидан кейин боливар курси янада тезроқ қадрсизлана бошлади. Маҳаллий Dolartoday сайти маълумотларига кўра, ҳозир боливарнинг қора бозордаги курси янги тарихий минимумга етган - 1 долларга 24,4 минг боливар берилади, расмий курс эса 1 долларга 11,3 минг боливар ҳисобланади. 

Боливар бир йилда 6,4 марта девальвация қилинди, президент Мадуронинг тўрт йиллик бошқаруви остида эса - 4 минг мартадан кўп. 

Август ойида АҚШ Венесуэлага янги санкциялар киритди, бунга Мадуронинг оммавий норозилик намойишларини босди-босди қилиш учун армияни ишга солгани сабаб бўлди. Энди Америка компанияларининг Венесуэлада чиқарилган қимматбаҳо қоғозлар ва янги векселларни сотиб олиши ҳамда PDVSA давлат нефть компанияси билан шартнома тузиши тақиқланади. Бундан ташқари, Венесуэла давлат сектори эгалик қилувчи қатор қарз мажбуриятлари билан битимлар, шунингдек Венесуэла ҳукумати томонидан дивидендлар олиш тақиқланади. Bloomberg маълумотларига кўра, йирик Европа банклари ҳам мазкур тақиқловларга унсиз риоя қилишмоқда. 

Венесуэла санкциялар ва инвестициялар етишмовчилиги туфайли нефть соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлай олмайди. Августда нефть экспорти чоракка - кунига 1,27 миллион баррелгача тушиб кетди.

Шу тариқа, мамлакат валюта даромадларининг бир қисмидан маҳрум бўлди, у шунинг ҳисобига озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилар эди. 

Венесуэла Марказий банкининг ташқи қарзлар учун хизмат қилувчи, 120 миллиард долларлик захиралари сентябрь ойида янги минимумгача пасайди - 9,3 миллиард доллар.

CNNMoney таҳлилчиси Соибан Морденнинг сўзларига кўра, Венесуэла дефолти муқаррар.

Кредит-дефолт своплар бозори Венесуэла дефолти эҳтимолини яқин 12 ойда - 62 фоизга, беш йилда эса - 95 фоизга баҳоламоқда.

Мавзуга оид