Ҳафта ўртасида Испания, Италия ва Германияда чемпионат, Англияда эса кубок ўйинлари ўтказилди. Бугундан чемпионатларда навбатдаги тур ўйинлари бошланади. «Трибуна» томоша қилиш алоҳида тавсия қилинадиган эътиборга молик учрашувларга тўхталиб ўтамиз. Қайд этиш жоизки, келаси ҳафта ўрталарида Европа Чемпионлар Лигаси 2-тур ўйинлари бўлиши сабабли, бу ҳафта аксарият ўйинлар шанба оқшомида бўлиб ўтади.
«ВЕСТ ҲЭМ» – «ТОТТЕНҲЭМ»
23 сентябрь. 16:30
Лондон дербиси. «Вест Ҳэм» кучли рақибига қарши сўнгги икки уй учрашувида бир хил – 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Айниқса, айнан «Вест Ҳэм»дан мағлубият ўтган йили Почеттино шогирдларини чемпионлик курашидан чиқариб юборганди.
Билич шогирдлари мавсумни 3 мағлубият билан бошлаб, жадвалнинг сўнгги поғоналарида борди. Лекин жамоа 5 турда 4 ўйинни сафарда ўтказди. «Вест Ҳэм» ўз майдонидаги ягона учрашувда ғалаба қозонди, «Тоттенҳэм» ҳам жиддий қаршиликка дуч келиши тайин.
Ўз навбатида, «Тоттенҳэм» «Уэмбли»да омадсиз бўлса-да, сафар ўйинларида йўқотишсиз бормоқда. 2 ўйин, 2 ғалаба, тўплар нисбати – 5:0.
Айтганча, Англия Лига кубоги қуръасига кўра, жамоалар октябрда бу мусобақа нимчорак финалида ҳам тўқнаш келадилар.
«МОНПЕЛЬЕ» – «ПСЖ»
23 сентябрь. 20:00
Париж клуби ечиниш хонасидаги воқеалар, гўёки оддий ўйинга бўлган барчанинг эътиборини йиғмоқда. Неймар ва Кавани ўртасидаги зиддиятлар майдонга қандай кўчади? Пенальтини ким тепади? Бири гол урса, иккинчиси табриклайдими? Неймар Каванига тўп оширадими?
Хуллас, ўйин ўз йўлига, ҳафта давомида сизни безор қилган мана шу сериалнинг давоми қандай бўлишини билмоқчи бўлсангиз, бу ўйинни ўтказиб юборманг.
«СТОК СИТИ» – «ЧЕЛСИ»
23 сентябрь. 19:00
«Сток Сити» ўз майдонида Англия грандлари учун ҳақиқий синов бўлишда давом этаверади. Ҳьюз шогирдлари «Арсенал» устидан ғалаба қозониб, «Манчестер Юнайтед»дан очко тортиб олди. Энди навбат мамлакат чемпионига. Жамоа «Челси»га қарши кечган сўнгги 7 уй учрашувининг 4тасида очко олишнинг уддасидан чиққан.
Диего Коста масаласини ниҳоят ҳал қилган лондонликлар эса, таркибда бир қатор муаммоларга дуч келдилар: Давид Луиз «Арсенал» билан ўйинда майдондан четлатилган, Педро Родригес ҳам кичик жароҳат олди. Шунингдек, автофалокатга учраган Бакойоконинг ҳам ҳолати ҳақида ҳам маълумотлар йўқ.















