«САССУОЛО» – «ИНТЕР» (28 ноябр, 19:00)

Ўтган йилнинг шу вақтида жуда ўринли ва муваффақиятли авлодлар алмашинуви ўтказаётгандек тасаввур уйғотган «Интер» бир йил ичида шу даражага етдики, Антонио Конте истеъфога яқинлашиб қолди. Айниқса, сўнгги пайтлар ўта муваффақиятсиз кечмоқда – миланликлар охирги учрашувнинг атиги иккитасида ғалаба қозондилар холос. Натижада жамоа бешинчи ўринга тушиб кетди, Чемпионлар Лигасида кейинги босқичга чиқиш имконияти ҳам энди Конте шогирдларига боғлиқ эмас.

Мана шундай паллада муҳим ғалаба қозониб, пешқадамлар сафига кириб олиш «Интер»га айни муддао бўларди, аммо рақиб бу сафар анойи эмас. «Сассуоло» бу мавсумда «Милан» ва «Ювентус» билан бирга мағлубият нималигини билмаётган уч жамоадан биридир. «Сассуоло» турнир жадвалида 2-поғонада бормоқда, урилган голлар сони бўйича энг яхши кўрсаткич уларда - «Аталанта»га салом! Хуллас, бу йилги А Серия яна бир кашфиёт жамоа тақдим этмоқда. «Сассуоло»нинг асосий ютуғи, сўнгги йиллардаги етакчилар, жумладан Бога, Берарди каби футболчиларни ўз сафида сақлаб қолганидир. Фақат бир жиҳатга алоҳида эътибор бериш керак. «Сассуоло» уйдан кўра сафарда самаралироқ тўп суряпти. Жамоа сафардаги тўрт учрашувнинг барчасини ғалаба билан якунлади, рақиблар ичида «Наполи» ҳам бор. Уйда эса тўрт ўйинда уч дуранг.

Ўзаро ўйинларга қарасак, айниқса, ўтган мавсумдаги тўқнашувлар чемпионатни безаб берганди. «Интер» сафарда 4:3 ҳисобида ютган бўлса, Миландаги ўйинда 3:3 ҳисоби қайд этилган. Умуман охирги 15 учрашувнинг 8тасида айнан «Сассуоло» ғалаба қозонгани, жамоа «Интер» учун ўта ноқулай рақиб эканини кўрсатади.

Ҳар икки томонда ҳам яқинда содир бўлган жароҳатлар деярли йўқ. Лекин «Интер» келаси ҳафтада менхенгладбахликлар билан ЕЧЛда ҳал қилувчи учрашувда майдонга тушиши, бу ўйинга бўлган муносабатга ҳам таъсир қилса керак.

«ВАЛЕНСИЯ» – «АТЛЕТИКО» (28 ноябр, 20:15)

Аста секинлик билан «Атлетико»нинг бу мавсум соврини учун энг асосий даъвогар эканини тан олаяпмиз. «Реал» ҳам, «Барселона» ҳам қаторасига бир неча муваффақиятли ўйин ўтказа олмаяптилар. Зидан шогирдларида жароҳатлар кўп, «Барселона» янги мураббий билан ҳам “чўлоқланиб” турибди. Бундай паллада ҳар доимгидек Симеоне вазиятдан фойдаланиши керак.

Чемпионлар Лигасидаги ўйинларни инобатга олмаса, «Атлетико» Испанияда айнан барқарорлик борасида энг намунали жамоа бўлиб турибди. Мадридликлар қаторасига беш ўйинни ғалаба билан якунладилар, умуман ҳали мағлубият нималигини билмаган ягона жамоа бўлиб турибди. Турнир жадвалида «Сосьедад» пешқадам бўлиб турган бўлса-да, «Атлетико» 2 ўйин кам ўтказган ва йўқотилган очколар бўйича яққол етакчидир. Ҳимоя чизиғи эса доимгидек – Облак 8 ўйинда атиги 2 маротаба ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди, холос.