Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон кўчасидаги кўп қаватли 32-уйда жуда ҳам кўп камчиликлар учрамоқда, деб ёзади Kruz.uz.

Қайд этилишича, 2015 йили фойдаланишга топширилган ушбу кўп қаватли уйнинг айрим ишлари чала қолиб кетган.

Бундан ташқари, уй эгаларининг қўлида 2 йилдан бери уйнинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ. Уйнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилмаган.

Фото: Kruz.uz

“Уйда истиқомат қилувчилар нима сабабдан уй ҳужжатларини бермайсиз, деб ушбу кўп қаватли уйни қурган МЧЖ раҳбарларига қайта-қайта мурожаат қилишса ҳам, раҳбарлар бир-бирларини баҳона қилиб, МЧЖнинг лавозимли шахсларига қарата қўзғатилган жиноят иши борлигини баҳона қилиб, уй эгаларини алдаб келишмоқда”, - дея ёзади нашр.

“Нукус темир бетон қурилиш” МЧЖ раҳбарлари бўлган Базарбай Адилбеков ва Бауржан Боранбаевлар бир-бирини айблаб, ушбу 32-уйга ажратилган маблағларни, яъни кўп суммадаги пулларни ўз манфаатлари йўлида сарфлаб юборишганидан хабардор бўлдик”, - деган уйда яшовчи аҳоли ва дўкон эгаларидан бири.

Фото: Kruz.uz

“Бизлар ушбу МЧЖ билан икки томонлама шартнома тузиб тегишли пулларни шу кунга қадар тўлаб келдик. Бироқ яқинда “Мажбурий ижро бюроси” ходимлари келиб, огоҳлантирмасдан бизларнинг биринчи қаватдаги дўконларимизни тортиб олиб, суд қарорига мувофиқ хатланди, деб эшикларимизни қоғоз билан печатлаб ёпиб кетди, - дейди уйнинг 1-қаватидан дўкон сотиб олган тадбиркор. - Бундан сўнг 2-3-4 қаватда яшаётган оилаларнинг уйларини ҳам хатлаймиз, деб айтишди. Сабаби шу кўп қаватли уйни қурган жамиятнинг қарзи кўп экан, деб бизларни огоҳлантирди. Бу жамият раҳбарлари ходимлари қандай қилиб халқни ўйламай, ўз манфаатлари йўлида шунча пулни йўқ қилишган?”

Фото: Kruz.uz

Нашр мухбирлари 32-уйни кўздан кечирар эканлар, подъездлар ишланмаганлиги, ертўлалар очиқ ҳолда қолдирилгани, квартиралардаги хоналарга ишлов берилмаганининг гувоҳи бўлишган.