Ироқнинг курдлар мухтор минтақасида бугун мустақиллик бўйича референдум бўлиб ўтади. Бу жаҳон ҳамжамияти ва Бағдоддаги марказий ҳукуматнинг санани бошқа муддатга кўчириш, энг яхшиси – плебисцитни бекор қилиш борасидаги чақириқларига қарамай юз беради. Ироқ Курдистони раҳбари Маъсуд Барзоний якшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида референдум белгиланган муддатда ўтказилиши ҳақида яна бир бор маълум қилган.
Ироқ Курдистонидаги сайловлар ва референдум бўйича мустақил сайлов комиссиясидан маълум қилишларича, овоз бериш учун участкалар соат 08:00да очилади ва ўз ишини 18:00да якунлайди. Референдумда қўйилган савол шундан иборат: "Курдистон минтақаси ва унинг ташқарисидаги курдлар ҳудудлари мустақил давлат бўлишини хоҳлайсизми?". Бюллетень тўрт тилда: курд, араб, туркман ва айсор тилида тақдим этилган. Жавоб бериш учун “ҳа” ёки “йўқ” сўзларини ёзиш лозим. Овоз беришда қатнашиш учун 5,2 млн киши рўйхатдан ўтган.
Плебисцит Ироқ Курдистони таркибига кирувчи вилоятлар – Арбил, Сулаймония, Дохук, шунингдек, мақоми баҳсли саналувчи туманларда бўлиб ўтади. Бу туманларнинг ичида Ироқнинг шимолий нефть пойтахти Киркук ҳам бор. Овоз бериш вақтида хавфсизликни курдларнинг "пешмерга" ҳарбийлашган тузилмалари ва маҳаллий полиция кучлари таъминлаб туради.
Референдум бўйича Олий кенгаш аъзолари аксарият кишилар Бағдоддан мустақил бўлиш учун овоз беришса, кейинги режа ҳақида маълум қилишди. Ҳужжат минтақада истиқомат қилувчи барча этноконфессионал гуруҳларнинг миллий, сиёсий, диний, маданий ва маъмурий ҳуқуқларини кафолатлайди. Расмий тиллар сифатида курд, араб, айсор, арман ва этник туркманлар тили қабул қилинади.
Курдистон давлатида диний ва миллий гуруҳлар ҳуқуқлари лойиҳаси, улар давлат муассасаларида “тўлиқ ваколатларга” эга бўлиши, “мустақил давлат ҳукуматида ҳақиқий шериклар”га айланишини, федератив тизим доирасида эса, хусусан, араблар, ёзидлар ва туркманлар ўз минтақаларини мустақил тарзда бошқаришини назарда тутади. Ҳужжат курдлар парламентининг яқин орадаги сессиясида кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Барзонийнинг якшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида эътибор қаратишича, референдум ҳақидаги қарорга анча аввал келинган ва бу Бағдод билан музокаралар муваффақиятсизликка юз тутгани ҳамда марказий ҳукуматга бўлган ишонч йўқолиши билан боғлиқ. Барзонийнинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият томонидан ўтказилаётган босимга қарамай, референдум белгиланган муддатда бўлиб ўтади.
Референдумдан сўнг Арбил Бағдод билан барча масалалар бўйича мулоқотга тайёр. Шу билан бирга, курдларнинг ҳарбийлашган тузилмалари ва Ироқ армиясининг терроризм билан курашдаги ҳарбий ҳамкорлиги аввалгидек қолади, дея ишонтирган Барзоний. Шунингдек, унинг қайд этишича, Бағдод билан қандайдир қуролли тўқнашувни кутаётгани йўқ.

















