Меркель IV. Немис халқи янги ҳукуматдан нималарни кутмоқда?
Куни кеча эълон қилинган сайловнинг илк натижаларига кўра, Германияда яна Ангела Меркель ғалаба қозонмоқда. Шунга қарамай, якка ўзи ҳукуматни тузиш учун етарлича овоз тўплай олмаяпти. Боз устига, энди Меркель аввалгидай ишлай олмайди. Боиси - Алленсбах ижтимоий тадқиқотлар институти ўтказган сўровномада аён бўлишича, немислар тузилажак ҳукуматдан нималар кутиш мумкинлигини аниқ билишади. Канцлер хоним бу сафар барчасининг уддасидан чиқармикан?
СДП номзоди Мартин Шульцга пойтахт аҳолисининг аксарияти ғолиб сифатида қараганди. Гейделбергдаги Университет майдонида халқ билан мулоқот қилиши кутилган Мартин, гарчи мағлублар қаторида кўрилган бўлса ҳам, сайловчиларнинг ҳурматига эга. Немис халқи сешанба куни тўртинчи даврда ҳам Меркелни кўришни истамаётгани турли нутқ ва муносабатларда ўз аксини топмоқда. Шунга қарамай, федерал сайлов натижасига кўра, Меркель бошқарувда қолади. Ҳақиқий ўйлантирадиган савол эса - немислар "Меркель IV"дан нимани кутишмоқда ва реал ҳаётда нималарга умид қилиш мумкин?!
Келгуси тўрт йиллик фаолияти давомида Ангела Меркелнинг олдида икки танлов қолмоқда: сўнгги бошқарув даврида мамлакатни Ҳелмут Коль моделидан фойдаланган ҳолда жадал ривожлантириш, ё Герҳард Шрёдер моделидан фойдаланган ҳолда, 2021 йил истеъфога чиқиш арафасида ўзидан кейинги канцлерга катта «сакраш» тажрибасини қолдириш.
Гап Европа Иттифоқининг келажаги ҳақида кетганда, немисларнинг фақат 16 фоизигина Брюсселнинг қўшимча ваколатларга эга бўлишини ёқлайди. Бу борада улар анча консерваторлар каби фикрлашини кўрсатиб, 37 фоиз халқ вакиллари Европа ҳудудида жойлашган миллий давлатлар ўз ваколат доирасини қайтаришини сўраган. Бу билан миллий давлатчилик мустақиллигини том маънода сақлаб қолиб, Европа интеграциясини давом эттириш керак, деб ўйлашади. Алленсбах институти раҳбари Ренат Кёхернинг айтишича, Германия фуқаролари минтақада ягона ижтимоий ҳимоя дастурини ишга тушириш лойиҳасига шубҳа билан қарамоқда, шунингдек, ўз бюджетини мустақил тақсимлашни хоҳлайди.
Франция президенти Эммануэль Макрон евроҳудудда ягона Молия вазирлигини ташкил этишни таклиф қилаётган бир пайтда, Иттифоқ бюджетини унификациялаш немисларга ёқмай тургани аниқ. Қизиқарли жиҳати, 39 фоиз немис халқи канцлернинг Макрон етакчилигидаги Франция билан яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантиришидан умидвор эканини яширмаган. Халқнинг 22 фоизи ташқи сиёсатда Россия билан масофа сақлашни тўғри деб билса, яна 35 фоизи АҚШдан узоқроқ бўлишни маъқуллаган.
Янги давр мобайнида канцлер хоним НАТО харажатларига ажратадиган маблағларни мамлакат ЯИМнинг 2 фоизидан тушириб юбормаслик мажбуриятини олиши турган гап. Бироқ аксарият фуқаролар ҳарбий харажатлар ЯИМнинг 1,2 фоизидан ортиб кетишини қоралашади. Шунингдек, муҳожирларни қабул қилиш бўйича халқ ва ҳукумат ёндашуви номувофиқлигича қолмоқда.
Барча истиқболдаги режалар сешанба куни Университет майдонида ойдинлашиб, Германия қайси оқим сари сузиб бориши маълум бўлади.
Мавзуга оид
23:02 / 01.12.2022
Шолц Бундесверда ўқ-дори танқислиги юзага келганини тан олди
07:20 / 30.11.2022
Германия Украинага 65 миллион евро ва генераторлар ажратади
12:03 / 26.11.2022
Германияга Россия визасига эга ноқонуний муҳожирлар оқими кескин ошди
08:14 / 25.11.2022