Ўтган ҳафтада талабалар, ўқитувчилар ва шифокорлар пахта далаларидан қайтарилди. Шу пайтгача бу тоифадаги фуқаролар мажбурий-ихтиёрий тарзда пахта теримига жалб қилиб келингани сир эмас. Мажбурий меҳнат муаммосининг ҳам бир кунда ҳал бўлиб қолишини кутиш қийин. Барча фуқаролар огоҳ бўлишлари ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши таниб олишлари лозим. Шу мақсадда биз талабаларнинг пахта далаларига тилхат асосида, яъни гўёки ихтиёрий тарзда олиб чиқилиши қанчалик қонуний эканини кўриб чиқмоқчимиз.

Агар улар шу асосда яна пахта далаларига олиб чиқиладиган бўлса, нима қилиш керак? Қуйида шундай ҳолатда кўриш лозим бўлган чоралар ҳам келтирилган.

Талабалардан ёзиб олинадиган тилхатларнинг қисқача мазмуни шундай:
Тилхат муаллифлари «Республикамизнинг миллий бoйлиги бўлган пахта йиғим-теримига қатнашиб, ватан, халқ ва ота-она олдидаги бурчини бажаришлари» ҳақида айтадилар. Талабалар, шунингдек, агар бу тилхатда берилган ваъдалар бажарилмаса, «курсдан-курсга қолдириш ҳамда қонунда кўрсатилган барча чоралар қўлланишига розиман» деб ёзиб беради. 

2017 йилда ҳам худди шу каби мазмунда тилхатлар коллеж, институт ва давлат идоралари ходимларидан ёздириб олингани тўғрисида маълумотлар бор.

Талабалар пахтага ўз ихтиёри билан чиқиши ҳақида бундай тилхат ёзиши қандай ҳуқуқий мақомга эга? Талаба тилхатда берган ваъдасининг устидан чиқмаса, пахта теришдан воз кечса, маъмурият мазкур тилхат асосида талабани «жазолаши» мумкинми?

Тилхат нима?
Аввало, шу тушунча ҳақида бироз маълумот берсак.
Кундалик ҳаётимизда тилхатлардан жуда кўп фойдаланилади. Қонунчиликда тилхатнинг таърифи берилмаган бўлса ҳам, уни битим турларидан бири деб айтиш мумкин. Тилхатлар бир тарафлама тузилган битим ҳисобланади. Чунки, уни тузиш учун бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлади. Битимлар баъзи ҳолатларда ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Масалан, қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битимлар (ФК, 116-модда), ўн тўрт ёшга тўлмаган шахс томонидан тузилган битимлар (ФК, 117 модда) ва ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахслар битимларни ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийлари розилигисиз (ФК,118-модда) тузган ҳолатда ҳақиқий ҳисобланмайди. Шу билан бирга, алдаш, зўрлик, қўрқитиш, шунингдек, фуқаро оғир ҳолатлар юз бериши туфайли ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан тузишга мажбур бўлган, иккинчи тараф эса бундан фойдаланиб қoлган битим (асоратли битим) жабрланувчи даъвоси билан суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.  Битим ҳақиқий бўлмаганда, тарафларнинг ҳар бири битим бўйича олган ҳамма нарсани иккинчи тарафга қайтариб бериши керак. Олинган нарсани асл ҳолида қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса,  унинг қийматини пул билан тўлаши шарт бўлади.