Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни давлат раҳбари сайтида келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси расмий делегациясининг Америка Қўшма Штатларига 2017 йил 18-20 сентябрь кунлари амалга оширилган ташрифи нафақат мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган муассасалари, халқаро молия институтлари ҳамда қатор хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида қатнашиш, шунингдек, БМТ Бош котиби ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан ўтказилган учрашувлар халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистоннинг янги ривожланиш стратегияси ва жамият, иқтисодиёт ҳамда ташқи сиёсат бўйича яқинда эришилган кенг кўламли ислоҳотлари, минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш учун аниқ таклифлари ҳамда ташаббуслари ҳақида хабардор этиш имконини берди.

АҚШ ҳукумати ва ишбилармон доиралари вакиллари билан ўтказилган муваффақиятли музокаралар ва учрашувлар ўзбек-америка муносабатларини стратегик шериклик руҳида янада мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтириш учун янги истиқболларни белгилашга имкон берди.

Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки раҳбарияти билан музокараларда ушбу халқаро молия институтлари билан Ўзбекистон ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари, иқтисодиётни модернизация қилиш ва эркинлаштиришни, бизнес ҳамда инвестиция муҳитини яхшилашни таъминлашга қаратилган устувор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича атрофлича фикр алмашилди. Болгария президенти Р.Радев ва Грузия бош вазири Б.Квирикашвили билан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси майдонларида ўтказилган икки томонлама учрашувлар бу мамлакатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантириш учун янги имконият ҳамда истиқболлари белгилаб берди. 

Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тузилмалари билан муносабатларини янада мустаҳкамлаш, халқаро молия институтлари билан алоқаларни кенгайтириш, Америка Қўшма Штатлари ва бошқа мамлакатлар билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, қабул қилинган халқаро мажбуриятларни қатъий бажариш, Нью-Йоркка ташриф давомида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида: БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида билдирилган Ўзбекистон Республикаси ташаббусларини илгари суриш ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан музокаралар якуни бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси («Йўл харитаси»), ва уни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ таркиби №1, 1а  иловаларга мувофиқ;