Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини йўллади. Табрик матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қадрли ва муҳтарам устозлар! 

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган юртимиздаги барча инсонларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. 

Бугун ушбу қутлуғ айёмни мамлакатимизда кенг нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг барчангизга ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз. 

Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам сизларнинг олижаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди. 

Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир. 

Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз. 

Ҳурматли юртдошлар! 

Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. 

Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.