Рокфеллер, Клейсон, Рэмси ва Кийосаки ўз муваффақиятлари ҳақида биргина китоб ёзиш билан кифояланишмаган. Лекин уларнинг жамики донолиги бир неча иқтибосларда мужассам, деб ёзади Insider.Pro.

Хуллас, сиз дағал жасорат тимсолисиз. Машинангиз мойини ўзингиз алмаштирасиз, хавфли устарада соқол оласиз, спортзалда 200 килолаб тош кўтарасиз. Ҳа, сиз зўрсиз! Лекин, нима бўлганда ҳам, молиявий ҳолатингиз ҳаминқадар экан, асло ҳақиқий мачо саналмайсиз.

Молиявий режалар ҳақида гап кетганда жуда кўпчилик ўзига-ўзи: «бу ҳақда эртага ўйлаб кўраман», дейди. Баъзиларга режалаштириш жараёнининг ўзи мураккаб кўринса, бошқалар блог, китоб ва ўзгаларнинг фикрини титиб кўришга эринади. Боз устига, молиявий «экспертлар» сони шу қадар кўпки, шолини курмакдан ажратиб олиш ҳам душвор.

Лекин мустаҳкам молиявий база яратиш тўртта оддий ва самарали қадамдан иборат. Бойлик томон йўл жуда узоқ бўлиши мумкин эса-да, бугуннинг ўзида амалга оширишингиз мумкин бўлган бир неча жиҳат бор. Бу шунчаки қуруқ гап эмас! Қуйида молия оламидаги энг ҳурматли кишилар: Жон Рокфеллер, Жорж Клейсон, Дэйв Рэмси ва Роберт Кийосакидан тўрт маслаҳат берилмоқда. Уларнинг тавсияларига қулоқ тутинг — ва пул борасидаги билимдан бохабар бўлинг.

Бюджетни оқилона режалаштиринг, ҳеч қандай доллар бекорга сарфланмасин (Жон Рокфеллер)

Асослардан бошлайлик. Қай томон ҳаракат қилишга қарор қилишингиздан аввал, қаерда эканлигингизни аниқлаштириб олиш зарур. Бунга Жон Рокфеллернинг ўтмиши энг яхши мисол бўлиб хизмат қила олади, у камтарона имкониятлар билан бошлаб, жаҳоннинг энг бой инсонига айланган.

Ўсмирлик чоғларидан Рокфеллернинг ёнида шахсий ҳисоб-китоб дафтарчаси бўлган. У ҳар бир топган, харж қилган, хайрия ёки сармоя сифатида киритган долларини ёзиб борган. Бухгалтерия унинг ҳаёт тарзига айланган, ҳаттоки миллионлаб доллар ишлаб топа бошлаганидан кейин ҳам у молиявий битикларини ёзиб боришни бас қилмаган. Бешинчи авенюдаги баптистлар олдида чиқиш қилар экан, у шундай деган:

«Энди менга кичик бир маслаҳат беришга ижозат берсаларингиз. Бухгалтерия дафтарларини худди мендек юритинглар. Даромадларингизни ёзиб боринглар, харажатларингизни ёзиб юришдан уялманглар. Бу сизга маблағларни йиғишга ёрдам беради, бунга эса ўрганиш керак бўлади».

Ҳаммаси бюджетдан бошланади. Уни тузиш — асло зерикарли масала эмас, балки сизни мукаммалликка етакловчи воситадир. Даромадлар ва харажатлар базавий ҳисоб-китоби ўрнига у сизнинг устуворликларингиз декларациясига айланади.