25 октябрдан 26 октябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида ноқулай метеорологик шароитлар таъсирида ҳаво сифати ўзгариши мумкин, деб хабар қилди Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси.

“Прогнозларга кўра, кечки ва тунги соатларда PM заррачалари миқдори ортиб, ҳаво сифати Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича «ноқулай» даражага етиши мумкин. Миллий ҳаво сифати индекси бўйича эса ҳаво сифати «зарғалдоқ» даражада бўлиши кутилмоқда”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тунги ва эрталабки вақтларда ҳаво ҳароратининг пасайиши, кучсиз шамол ва кучли ҳарорат инверсияси атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинувини чеклайди. Натижада ер юзасига яқин қатламда PM2.5 ва PM10 заррачалари тўпланиб, уларнинг миқдори ортиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 24 октябрга ўтар кечаси ҳам атмосфера ҳавоси сифати вақтинча ёмонлашиши мумкинлиги хабар қилинганди.