Октябрь ойининг бошида кунларнинг кескин совуб кетганлиги пахта йиғим-терими мавсумига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қўймади. Албатта, бундай шароитда далаларда ҳали терилишини кутиб ётган мўл ҳосилнинг тақдири кишини ташвишга солмасдан қўймайди.

21 сентябрь куни Бош вазир А.Ариповнинг бюджет соҳаси ходимлари, айниқса ўқитувчилар ва шифокорлар, олий ўқув юртлари талабаларининг пахтага йиғим теримига чиқаришни тўхтатиш ҳақидаги қарори эълон қилингач, улардан бошқа турли соҳа вакилларини пахта йиғим теримига жалб қилиш ҳолатлари кўпайди.

Жумладан, Марказий банк раиси ўринбосари Ш.Атабаев томонидан 26 сентябрь куни имзоланган, факс орқали қабул қилинган хат суратлари тарқалди. Унга кўра, тижорат банклари бошқаруви раислари ва Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари бошлиқларидан 2017 йил пахта ҳосилини йиғиб териб олинишига кўмаклашиш мақсадида банкнинг ҳар бир ҳудудий филиалларида ишлаётган ҳар бир ходим 5 нафардан теримчи пахта йиғим-теримига жалб этилишини ташкил қилиши сўралган.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят фаоллари билан пахта йиғим-теримига бағишлаб ўтказилган йиғилишда пахта мавсуми юзасидан вилоят аҳолисига мурожаат қилар экан, бюджет соҳаси ходимлари ва талабаларни пахтага мажбурий чиқариш жиноят эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бундан аввал ҳам Халқаро пресс-клубда бир қатор вилоятлар ҳокимлари пахта йиғим теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланмасликлари эълон қилинган эди.

Айрим жойларда ўқитувчилар ва шифокорлар пахтага чиқарилмаётган бўлишса-да, улардан теримчилар учун пул йиғиш каби ҳолатлар юз бермоқда. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Сенати қабул қилган қарорда «давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек жисмоний шахслар томонидан фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида депутатлик ҳамда жамоатчилик  назоратининг барча шаклларидан фойдалансин», деб таъкидланган. Шу жиҳатдан мустақил KUN.UZ таҳририяти ўз зиммасидаги масъулиятни бажармоқда. Қолаверса, ўз дардини ёзиб таҳририятимизга мурожаат қилган ўқувчиларимизнинг хитоблари жавобсиз қолиб кетишини истамадик.