Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоевнинг билдирган можароли фикрларига жавобан Боқижон Соқинтаевнинг баёнотини тарқатди. 

«Жорий йилнинг 7 октябрида Қирғизистон президенти Қозоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши муайян жиҳатлари бўйича бир неча нодўстона баёнотлар билан чиққанди.

Қирғизистон билан икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга бўлган содиқликни тасдиқлаб, мен Қирғизистон президентининг сайловолди мақсадларда қилинган масъулиятсиз, провокацион ва ёлғон баёнотлари мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва ўзаро ёрдам алоқаларига зиён келтира олмаслигига аминман.

Шу муносабат билан мен Қирғизистон жамоатчилигини Қозоғистоннинг реал иқтисодий ривожланиши тўғрисида дарҳол хабардор қилишга қарор қилдим.

Мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз 20 бараварга ўсди. 2012 йилда Қозоғистон дунёдаги энг рақобатбардош 50 мамлакат қаторига кирди. Мамлакатда кучли миллий бизнес барпо этилди. Жаҳон банкининг «Doing Business» рейтингида Қозоғистон 35-ўринни эгаллайди. Бугунги кунда 1,3 млн. тадбиркорлик тузилмаси умумий миллий бойликнинг 1/4 қисмини ишлаб чиқаради. Сўнгги ўн йил ичида саноат ва инновацион ривожланиш Давлат дастури доирасида мингдан зиёд янги ишлаб чиқариш объектлари барпо этилди. Мамлакатимизда ҳеч қачон ишлаб чиқарилмаган 500 та янги маҳсулотнинг чиқарилиши ўзлаштирилди.

Қозоғистоннинг транспорт инфратузилмаси модернизация қилинмоқда. 25 йил мобайнида 10 минг километрдан зиёд йўллар қурилди ва реконструкция қилинди. Келгуси йилларда, қўшимча равишда, узунлиги 8000 км дан ортиқ бўлган автомобиль йўллари тармоғи модернизация қилинади.

Биз «Ғарбий Европа-Ғарбий Хитой» магистралининг Қозоғистондан ўтувчи қисмининг қурилишини тўлиқ якунладик. Унинг узунлиги 2800 км.га тенг. 2,5 минг км.дан ортиқ янги темир йўллари қурилди. Оқтоу денгиз портининг инфратузилмаси комплекс тарзда модернизация қилинди, Куриқ янги кема порти қурилди. Каспийда денгиз портларининг умумий ўтказиш имконияти 26 млн. тоннага қадар ошди. Ҳар йили янги аэропортлар ва темир йўл вокзаллари фойдаланишга топширилмоқда.

Қозоғистон мустақиллик йилларида 120 млн. кв. метр уй-жой қуриб, 1,1 млн.дан ортиқ оилаларни турар-жой билан таъминлади. Фақатгина 2017 йилнинг 8 ойи ичида Давлат дастури доирасида 6,9 млн. кв.м. янги уй-жой фойдаланишга топширилди. 61 мингдан ортиқ оилалар ўз яшаш шароитларини яхшилаб олишди. Уй-жой қурилиши фаол равишда ривожланмоқда. Мамлакатда ижтимоий инфратузилма ҳам бир жойда тўхтаб тургани йўқ. 1,3 мингдан ортиқ янги касалхона ва поликлиникалар, 500 та янги болалар боғчаси ва 1,4 минг мактаб қурилди.