2017 йилнинг сентябрида Россияда «Бир куни Америкада эмас: қўл остидаги воситалар билан дунёни забт этиш бўйича қисқа қўлланма» («Однажды не в Америке: краткое пособие по завоеванию мира подручными средствами») китоби нашрдан чиқди. Китобда Ўзбекистондан Россияга бориб, «Евродизайн» қурилиш материаллари тармоғи ва «Вилгуд» автосервислар тармоғини ишга туширган Турсуновлар оиласи тарихи баён этилган. Унинг адади - 3000 нусха. Китобда қандай қилиб нолдан бошлаб кўп миллионли бизнесни қуриш мумкинлиги ҳаётий мисол тариқасида келтирилади. Forbes Woman шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

Шерзод ва Барно Турсуновлар 2000 йилнинг қишида Москва шаҳри чеккасидаги квартирада ижарага туришган. Кейинги 15 йилда улар «Мытищинская ярмарка»сида оддий гулқоғозлар ва ламинат билан савдо қилувчилардан мазкур товарларнинг Россиядаги энг йирик дистрибьютори - «Евродизайн» компаниясига қадар ўсишди.

Шундан сўнг, жуфтлик ўз улушини муваффақиятли сотиб, «Вилгуд» ақлли автосервислар тармоғини ишга туширди. Китоб чоп этилган вақт ҳолатига кўра, тармоқнинг пул айланмаси миллиард рублга етди. Улар шу билангина чекланиб қолиш ниятида эмас.

Турсуновларнинг ҳозирги бизнеси эски гаражда гайкаларни бурашдан иборат эмас, у билимлар иқтисодиётига асосланган. Улар аллақачон автотехмарказларни қуришни тўхтатишган, чунки улар юқори самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш кўпроқ даромад келтиришини, шунда сурункали камомаддан азият чекаётган юзлаб бозор иштирокчиларининг ўзи мазкур тизимга қўшилиб, оила бренди остида ишлашини ўз вақтида англаб етишди.

Қуйида оилавий китобдан қизиқарли парчалар келтириб ўтилади:

4-боб. Аёлнинг фойдаси ҳақида

Барно устувор вазифаларни доим аниқ белгилаб олган - уни энг аввало оила қизиқтирарди, аёлнинг кўз ўнгида бахтли рафиқа роли ҳар қандай депутат, кино юлдузи ва ҳатто АҚШ президенти лавозимидан-да юқори эди.

Унинг ҳаётий стратегияси имкон қадар турмуш ўртоғи билан кўпроқ бирга вақт ўтказиш, унга доим нонушта, тушлик ва кечки овқат тайёрлаш имконига эга бўлишдан иборат эди.