Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш ҳамда гидроэнергетика соҳасида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ва Қирғизистон «Миллий Энергия холдинг» компанияси раиси Ойбек Калиев, электр станциялари бош директори Узоқ Қидирбоев ўзаро учрашди, деб хабар берди KUN.UZ’га жамият матбуот хизмати.
Музокараларда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов Қирғизистон «Миллий Энергия холдинг» компанияси раиси Ойбек Калиев, Электр станциялари бош директори Узоқ Қидирбоевларни ушбу ташриф билан табриклаб, мамлакатларимиз ўртасида гидроэнергетика соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва бу борада кенг кўламли ишларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлаб, юртимизда гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Мамлакатимиз электростанцияларида бир йилда ишлаб чиқарилаётган қарийб 60 миллиард киловатт соат миқдордаги электр энергиясининг 6,5 миллиард киловатт соати гидроэлектростанциялар ҳиссасига тўғри келиши қайд этилди. Ҳозир бу кўрсаткични янада ошириш орқали табиий, экологик тоза, арзон ва қайта тикланувчи энергия манбаидан фойдаланишни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18 майдаги «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-5044- сонли фармони мавжуд гидроэлектростанциялардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш, Ўзбекистонда ягона гидроэнергетика тизимини яратишда янги имконият эшикларини очди. Ҳозирда бу йўналишда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда гидроэнергетикани ривожлантиришга изчил равишда хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш орқали корхоналар ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда хорижлик ҳамкорлар билан ҳамкорликда ўнга яқин лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда. Бу борада Қирғизистон билан ҳам кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ва Қирғизистон «Миллий Энергия холдинг» компанияси раиси Айбек Қалиев, Электр станциялари бош директори Узоқ Қидирбоев ўртасидаги мулоқот давомида ҳам ана масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Гидроэнергетика соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболига оид масалалар ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Бунда амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги кенг имкониятлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
















