11:07 / 11.10.2017
9632

Мексикалик мультимиллиардер мамлакатида юз берган зилзиланинг ижобий жиҳатлари борлигини айтди

Фото: РИА «Новости»

Мексикалик мультимиллиардер ва дунёнинг энг бадавлат одамларидан бири Карлос Слим Мексикада сентябрь ўртасида юз берган ва юзлаб одамлар ҳаётига зомин бўлган вайронкор зилзилаларнинг ижобий жиҳатлари борлигини айтди.

"Бу фожиа жуда улкан, жуда қайғули бўлди. Биз барчамиз уни бошдан кечирдик, чунки у марказга яқин бўлгани учун бу ерда, Мехикода яшовчиларга бошқаларга қараганда кучлироқ зарба берди. Бироқ унинг ижобий эффекти ҳам бор: бу ерда ишчи ўринлар яратилади, реконструкция олиб борилади, паст даромадли турли қатламлар тўқнаш келган бу жойда иқтисодий фаоллик пайдо бўлади", деб айтди Слим Мехикодаги анжуманда.

Слимнинг асосий бизнеси Мексика ва Лотин Америкасининг телекоммуникация бозори билан боғлиқ. У America Movil, Telcel ва Telmex компанияларига эгалик қилишдан ташқари, Мексиканинг бир қатор компанияларини назорат қилувчи Grupo Carso’га ҳам эга.

Слим анжуманда фожиадан жабр кўрганларга 2,4 млрд песо (128 млн доллар) ажратишини маълум қилди. Слимнинг айтишича, бу суммага 217 минг одамнинг саъй-ҳаракатлари билан эришилган, улар Слимга тегишли турли савдо тизимлари орқали зилзиладан жабр чекканлар эҳтиёжлари учун 395 млн песо (21 млн доллар) ўтказишган. Ўз навбатида миллиардер бундай тарзда ўтказилган ҳар бир песо учун ўзидан 5 песо қўшишини айтган.

Top