Миллий тафаккур тадрижида, тарихида шундай воқеалар бўладики, уларни унутиш, сабаб ва оқибатларига бепарволик катта йўқотишларга олиб келиши мумкин. Назаримда, ҳазрат Навоийнинг ўз она тилида беқиёс асарлар битиб қўйганига қарамай, ижоди охирида «Муҳокамат-ул луғатайн» китобини ёзиши, устоз Эркин Воҳидовнинг ўзбек тили бойлигини, жозибасини асраш ташвишида умри сўнггида алоҳида асар яратиши ана шундай — алоҳида диққатни талаб қиладиган ҳодисалар сирасига киради.

Бу тарихий саъй-ҳаракатлардан чиқаришимиз лозим бўлган хулосани ҳам мутафаккир бобомиз аниқ-тиниқ айтиб қўйганлар: «Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз»! Демак, миллий тилни асраб-авайлаш, уни писанд қилмайдиган, хоҳлаган кўйга солиш мумкин, деб ўйлайдиганлар тажовузидан қўриқлаш фақат улуғларнинг эмас, ўзини, тилини, миллатини ҳурмат қиладиган ҳар бир фуқаронинг бурчи, кундалик ташвиши бўлмоғи лозим.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 август куни мамлакат ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашувида айтган қуйидаги сўзлари, дарҳақиқат, «осмондан олинган» эмас:

«Агар «оммавий маданият» таҳдиди фақат четдан — Ғарбдан кириб келади, десак, қаттиқ адашамиз. Бу бало, афсуски, ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин. Мен бу гапларни осмондан олиб айтаётганим йўқ. Юртимизда нашр этилаётган айрим газета-журналлар, китобларни, суратга олинаётган баъзи клип ва киноларни, эфирга берилаётган қўшиқ ва рақсларни кузатиб, соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам шундай хулосага келиши табиий. Энг ёмони, бадиий ижод соҳасида жаҳолат кўринишлари кучайиб бормоқда».

Давлат раҳбари қўллаётган иборага эътибор берайлик: «бадиий ижод соҳасида жаҳолат».

Дарҳақиқат, жаҳолатнинг тури, уруғи ниҳоятда кўп, кўриниши ранг-барангдир. Бизнингча, унинг бугунги оммавий ахборот воситаларида энг кенг тарқалган кўриниши — она тилимизга ҳурматсизлик, уни менсимаслик, ҳатто унда сўзлашишдан ор қилишдек хунук ҳолатлардир. 

Даъвомиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол келтирамиз. Яқинда хусусий телеканаллардан бирида «миллий эстрадамизнинг ёрқин юлдузларидан, шаҳзодаларидан бири»нинг ошпазлик маҳорати намойиш этилди. Ўз-ўзидан, кўрсатув давомида «қаҳрамонимиз билан дилдан суҳбат» ҳам қурилди. Миллий, демак, ўзбек санъатининг «ёрқин юлдузи», не кўз билан кўриб, не қулоқ билан эшитайликки, ўзбек тилида гапиришни ўзига эп кўрмади. Кўрсатувни олиб борувчи («бошловчи» эмас!)нинг ўзбек тилида берган саволларига хорижий тилда жавоб берар экан, ора-орада «худо хўхласа» деб қўйишни ҳам унутмади...

Энди ўзимизга бир савол берайлик. Масалан, рус фани, адабиёти ёхуд эстрадасининг ёрқин вакилларидан бирортаси ўз юрти телевидениесида бериладиган, рус тилида олиб борилаётган кўрсатувда бошқа тилда гапирадими? Ёки улар ўз она тилидан бошқасини билмайдиларми? Ҳарқалай, бу зиёлиларнинг, жумладан, эстрада юлдузларининг аксарияти дунёнинг олди тиллари бўлмиш инглиз, немис, француз, ҳатто иврит тилини ҳам яхши билиши бировда шубҳа туғдирмаса керак. Агар хорижий тилни билишини намойиш қилиш маданият белгиси бўлганида, биринчи навбатда шулар бу ишни қилган, бу иш шуларга ярашган бўлмасмиди? Бизнингча, ўз она тилини билиш, унда сўзлашишни инсоний бурч ва ифтихор, деб ҳисоблаганлари туфайли ҳам бу санъаткорлар чинакам юлдуз даражасига кўтарилишган, халқининггина эмас, кўплаб хорижликларнинг ҳам ҳурматини қозонишган.